«Талабалик баҳори» ТерДУ талабаларини бир даврада жамлади

23:33 01 Июнь 2022 Жамият
1321 0

Фото: «Халқ сўзи»

Термиз давлат университетида Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан «Талабалик баҳори» фестивали бўлиб ўтди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази вакиллари иштирок этди.

Фестиваль давомида талабалар томонидан «Хон атлас жилоси» миллий либослар намойиши, «Китобхонлик» танлови, «Қувноқлар ва зукколар» жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди. «Заковат» интеллектуал ўйини, веломарафон, «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» номли эсселар, «Менинг университетим» номли расмлар танлови ҳамда турли спорт мусобақаларида талаба- ёшлар фаол иштирок этди.

— Жамиятимиз тараққий этишида ва давлатимиз равнақида ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги, интеллектуал салоҳияти муҳим роль ўйнайди. Бугунги фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшларнинг бадиий салоҳиятини ривожлантириш, театр, мусиқа санъат, бадиий адабиётга қизиқишларини янада ошириш, университетимизда таълим олаётган турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборатдир, — дейди ТерДУ проректори Обиджон Шофиев.

Тадбир доирасида олийгоҳда «Қизларжон клуби»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, фитнес-клуб, шахмат-шашка, тикувчилик ва стол тенниси хоналари ҳам фойдаланишга топширилди.

Тадбирнинг фаол иштирокчилари махсус сертификат ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер