Талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Термиз давлат педагогика институтида ёшлар учун яна бир муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Термиз туманида барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массивида 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Беш қаватли янги бинода талабалар учун барча қулай шароитлар яратилган. 107 та хонани ўз ичига олган турар жой телевизор, Wi-Fi тармоғи, ўқиш ва дам олиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, бинода тикувчилик хонаси, маънавият хонаси, кутубхона, фитнес зали ва бошқа хизмат хоналари ташкил этилгани ёшлар учун қулай муҳит яратади.

Мазкур иншоот нафақат талабаларни турар жой билан таъминлаш, балки уларнинг маънавий ва жисмоний камолоти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Янги бинода ўтказилган учрашувда талабалар билан мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Ёшлар томонидан билдирилган масалаларни ҳал этиш ва илғор ғояларни қўллаб қувватлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.


Термиз давлат педагогика институтида бугунги кунда 10,8 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 6,6 минг нафари кундузги таълим шаклида ўқийди. Янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши ёшларни ижтимоий қўллаб қувватлаш ва таълим муҳитини янада яхшилаш борасидаги изчил саъй ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг