Талабалар муаммолари: уларнинг қонуний ечими борми?

19:16 10 Сентябр 2021 Жамият
1488 0

Сўнгги кунларда Адлия вазирлигига талабаларни қийнаётган муаммолар бўйича турли хил саволлар келиб тушмоқда. Қонунчиликда талабаларга яратилган имтиёзлар ва уларнинг кафолатларини кенг аҳоли қатламига тушунтириш мақсадида ушбу вазирлик онлайн мулоқот ўтказди.

Мулоқот Адлия вазирлигининг Facebookдаги «Адлия билан мулоқот» (https://www.facebook.com/groups/adliya/) гуруҳида ҳамда YouTube'даги расмий саҳифасида онлайн равишда ўтказилди.

Мулоқотда Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва «Мадад» ННТ масъул ходимлари иштирок этиб, талабалар турар жойига жойлашиш, таълим кредити ва академик таътил олиш ҳамда ТДЮУ, юридик техникум ва академик лицейларда ўқиш жараёнига оид саволлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш беришди.

Хусусан, талабалар турар жойига жойлашишда ижтимоий ҳимоя ягона реестрда турган, чин етим, етим, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган оила фарзандлари, 2 ёки ундан ортиқ оиласида тўлов контракт асосида ўқийдиган ака-ука ёки опа-сингиллари бўлган талабалар имтиёзли тоифага киритилган. Ижара асосида яшайдиган талабаларга Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 баравари иборат миқдорда ижара пули тўлаб берилиши ҳақида тушунтириш берилди.

Шунингдек, талабаларга таълим кредити ажратиш тартиби ва бунинг учун талаб қилинадиган ҳужжатлар, оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун академик таътил олиш мумкинлиги, ҳомиладор ва туғиш таътилида бўлган талабалар дарс машғулотларига онлайн равишда иштирок этишга рухсат берилишига оид қонуний тартиблар айтиб ўтилди.

Бундан ташқари Адлия вазирлиги юридик техникумлари ва ТДЮУ қошидаги академик лицейларга кириш учун топширилган имтиҳон жавоблари қачон чиқиши, юридик техникум ва академик лицейларда ўқиш, контракт суммалари ҳамда битиргандан сўнг ишга кириш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Юридик техникумлар битирувчилари нотариус ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, Давлат хизматлари маркази мутахассислари, судья ёрдамчиси ва давлат ижрочиси каби 89 та мутахассисликда ишлашлари мумкинлиги таъкидланди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер