Тахтакўпирда Қоракўлчилик тажриба станцияси очилди

10:15 10 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
783 0

Фото: "Халқ сўзи"

Тахтакўпир туманида Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станциясининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

«Мулк» овулида қад ростлаган ушбу бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Камалов иштирок этди ва республикада қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш борасидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2019 йил 3 августдаги тегишли қарори билан мазкур наслчилик тажриба станциясини ташкил этиш учун  талаб қилинган 5 миллиард сўм маблағдан бугунги кунда 4,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 1056 бош сур қўйлари олиб келинди. Туман ҳокимининг ўтган йил 15 ноябрдаги қарорига кўра эса, 111,4 гектар ер майдони ажратилган ва унинг асосий қисмида  қўйлар учун озуқа экинлари етиштирилмоқда.

— Президентимиз томонидан қоракўл қўйларини етиштиришга қулай туманларда шу каби тажриба станцияларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди, — дейди Тахтакўпир туманидаги Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станцияси раҳбари Шарап Акаев. — Негаки, бундай станция ҳудудда қоракўлчиликда наслчилик ишларини илмий асосда йўлга қўйиш, қоракўл териларини етиштириш ва яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил қилишда муҳим аҳамиятга эга. Жамоамиз билан биргаликда амалга оширадиган асосий мақсад ва вазифаларни белгилаб олганмиз. Шунга мувофиқ, 2025 йилгача чорва моллари сонини 10 мингга етказган ҳолда сур қўйларининг сонини кўпайтирмоқчимиз. Бу ўз-ўзидан маҳсулотни кўпайтириш ва сур териларни экспорт қилиш салоҳиятини оширишга, шунингдек, жаҳон бозорида ўз брендимизни шакллантиришга замин яратади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов тумандаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида бўлиб, чорвадорлар билан суҳбатлашди, уларнинг мурожаатларини тинглади.

Бугунги кунда Тахтакўпир туманида жами 148 минг 852 бош қўй-эчки боқилмоқда. Уларни қишдан талафотсиз ўтказиш учун озуқа захиралари жамланган. Туманда ўтказилган тадбирлар доирасида чорвадорлар оилаларидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Эътиборлиси, ушбу қоракўлчилик тажриба станцияси ҳудудда чорвачилик билан бирга қоракўлчилик тармоғини ҳам ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиб беради.

Ғайрат Отажонов «Халқ сўзи» 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер