Тахиатошда янги насос станцияси ишга тушди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 июлдаги фармойиши асосида манзилли дастурга киритилган «Тахиатош ИEС»га сув келтирувчи каналга насос станция қуриш» лойиҳаси якунига етказилмоқда.
Хусусан, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон сув хўжалиги масъуллари, қурилиш ташкилоти вакиллари ҳамда ҳудуддаги фермерлар ва маҳалла фаоллари иштирокида Тахиатошда янги насос станцияси ишга туширилди.

Ушбу объектнинг қурилиш-монтаж ишлари «Бунёдкор Мерос» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 7 млрд. 669 миллион сўмдан зиёд бўлиб, объектда 4 дона насос агрегати қурилди. Шунингдек, насос агрегатларини бошқарувчи ходимларга хизмат уйи барпо этилди.
— Янги насос станциясининг ишга тушиши туманимиздаги энг оғир ҳудудларнинг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади, — дейди Тахиатош тумани ирригация бўлими раҳбари Адил Назаров. — Ҳар йилги вегетация даврида туманимиздаги «Сарайкўл», «Кенегес» овул фуқаролар йиғинлари, Хўжайли туманининг «Саришунгул» ва «Жамбил» ОФЙдаги истеъмолчилардан сув таъминоти юзасидан мурожаатлар кўп бўлади. Насос станция секундига 6 куб метр сув чиқариш қувватига эга бўлиб, 6 минг гектардан ортиқроқ майдонларни қўшимча сув билан таъминлаш имконини яратади.
Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг