Тайёр бўлсак қиш зийнатли...

15:23 25 Сентябр 2020 Жамият
967 0

Айни кунларда Республика Энергетика вазирлигининг махсус штаби ишчи гуруҳи мамлакатимиз ҳудудларида соҳада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш, ҳудудларда аҳоли ва саноат корхоналарини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Навоий вилоятида бўлиб турибди.

Мазкур ўрганиш доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда «Навоий ҲEТК» АЖ иқтисодий самарадорлигига ва паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг таннархини пасайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Хусусан, «Навоий ҲEТК» АЖ томонидан ташкил этилаётган йилига 20 минг дона темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш қувватига эга заводнинг иқтисодий самарадорлиги, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш гуруҳи, трансформаторлар таъмирлаш ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехларининг фаолияти ҳамда жамиятнинг қурилиш-монтаж бригадаси томонидан бажарилган ишлар муҳокама этилди.

Корхонада давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш соҳасини жадаллик билан ривожлантиришга ва шунинг ҳисобига тушган маблағларга ишчи-ходимларнинг моддий таъминотини яхшилашга, жамиятнинг моддий техника базасини ривожлантиришга ҳамда бино иншоотларни янгилашга қаратилишини таъкидлади. Бундан ташқари, истеъмолчилардан келиб тушган барча мурожаатлар таҳлил қилиниб, аҳолини ташвишга солиб келаётган бир қатор масалалар жойида ҳал этилди.

Ўрганишлар доирасида бошқарув раиси вилоят марказидан 250 км узоқликдаги Томди туманида бўлиб, ҳудудда меҳнат қилаётган ходимларнинг иш шароитлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларнинг электр энергияси таъминоти масалаларидаги мурожаатлари таҳлил қилинди.

Энергетика вазирлиги махсус штаб аъзолари куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш бўйича вилоятда амалга оширилган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Ўрганиш режасига асосан ишчи гуруҳ аъзолари иқтисодиёт тармоқларига ҳам ташриф буюришди. Хусусан, «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиалига қарашли «Навбаҳор» газ тўлдириш шохобчасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги амалий ишлар таҳлил этилди.

Таъкидлаш жоиз, ойлик қуввати 665.6 тонна бўлган мазкур газ тўлдириш шахобчаси орқали вилоятнинг Кармана, Навбаҳор, Конимех ва Қизилтепа туманлари аҳолисига бир ойда 520 тонна суюлтирилган газ тарқатилади. ГТПнинг кунлик газ тарқатиш қуввати эса 27.7 тоннадан иборат. Мазкур шохобчада олиб борилаётган ишлар сифати, хавфсизлиги, шунингдек ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар, улар учун яратилган шароитлар, мавжуд транспорт воситаларининг техник созлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда Навоий вилояти бўйича жами суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 97 118 нафарни ташкил қилиб, шундан 90 088 нафар истеъмолчига шартнома асосида газ баллон етказиб берилади. Қолган 7030 нафар истеъмолчи эса ГПУ, яъни газ қувурлари орқали (табиий газ кўринишида) суюқ газдан фойдаланади.

«Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали томонидан вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми даврида етказиладиган суюлтирилган газ режасига кўра, истеъмолчиларга 2020 йилнинг тўртинчи чорагида 7859 тонна, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 3824 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Мазкур фонд ҳар бир туман ва шаҳаргаз газ таъминоти бўлимларига истеъмолчи сонига қараб ажратилади ва маиший газ баллонлар ҳам шунга кўра тақсимланган.

— Вилоятнинг Учқудуқ, Томди, Нурота ва Конимех туманларидаги суюлтирилган газ истеъмолчилари, асосан, чўллик ерларда истиқомат қилади. Куз-қиш мавсумида ушбу ҳудудларга газ баллонларни вақтида етказиш муайян мураккабликларни туғдириши, табиий. Бунинг олдини олиш мақсадида филиалга қарашли транспорт воситаларининг созлиги, маиший газ баллонларнинг тўлиқ яроқли эканлигини мунтазам назоратга олиш кўзда тутилган, - дейди филиалнинг суюлтирилган газ бўлими муҳандиси Улуғбек Нуримов. - Айтиш керак, жорий йилнинг сентябрь ойида суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 1272,25 тоннани ташкил этиб, улар филиалга қарашли газ баллонлар ташувчи, ойлик қуввати 1 478,0 тонна бўлган 30 та транспорт воситасида вилоят истеъмолчиларига ўз вақтида етказилмоқда.

— Туманимизда айни вақтда суюлтирилган газ йўналишида ҳеч қандай мурожаатлар бўлгани йўқ, - дейди Қизилтепа тумани ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Умар Раҳмонов. -Соҳа ходимлари аҳолига маиший газ баллонларни ўз вақтида етказишмоқда. Яқинда «Ғардиён» маҳалласида туман газ таъминоти ходимларининг газ баллонларини тонг саҳардан тарқатаётганини кўриб, улар учун иш соати эмас, унуми муҳим эканлигидан туман фаоли ва бир истеъмолчи сифатида хурсанд бўлдим.

Куз-қиш мавсуми барча коммунал тармоқлар сингари газ таъминоти тизими учун ҳам синовли палла ҳисобланади. Шу боис, филиал, унинг барча шаҳар ва тумангаз бўлими масъул ходимлари мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида маиший газ баллонлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер