Таиланд қироли мулозимлари ва канизаклари билан биргаликда коронавирусдан қочиб, Германияга кетиб қолди

16:40 12 Апрель 2020 Дунё
1450 0

Таиланд қироли Маха Ваджиралонгкорн ўз мулозимлари билан бирга коронавирусдан қочиб, Германияга учиб кетди. У жамоаси билан Бавария ерининг Гармиш-Партенкирхен курорт шаҳрига етиб борган. Монарх ўзини изоляция қилиш мақсадида Альп тоғлари этагидаги ҳашаматли Grand Hotel Sonnenbichl меҳмонхонасини тўлиқ брон қилиб, унга жойлашган.

Bild немис нашри маълумотларига кўра, қирол олмон юртига 20 канизакдан иборат ҳарам аҳли ва кўп сонли хизматкорлари билан ташриф буюрган. Бироқ меҳмонхонага унинг тўрт хотини келган-келмагани аниқ эмас.

Маълумотларга кўра, мутасаддилар томонидан Бавариядаги меҳмон уйлари ва меҳмонхоналар коронавирус туфайли карантинга ёпилган эди. Аммо маҳаллий округ кенгаши тай монархига ушбу қоидани истисно қилган ва мазкур қарорни “меҳмонхонанинг ушбу меҳмонлари бир гуруҳдан иборат ва улар орасида бегоналар йўқлиги” билан изоҳлаган.

Қайд этиш жоиз, монарх гуруҳининг 119 нафар аъзоси коронавирусга гумон қилиниб, Таиландга қайтариб юборилган. Уларда Германияга учиб келишлари билан, нафас йўллари касалликлари белгилари аниқланган.

Таиландда Ваджиралонгкорннинг дунёнинг бошқа чеккасидаги меҳмонхонага қочиб кетгани ҳақидаги хабар катта нафрат билан кутиб олинди. Ўн минглаб аҳоли мамлакатда монарх дахлсизлиги тўғрисидаги қонунни ҳам бузишдан қўрқмай, ўзларига бундай қиролнинг нима кераги бор деган саволни ижтимоий тармоқларда тарқатишган. “Бизга бундай қиролнинг нима кераги бор?” дея ўгириладиган таржима қилинган тайча хэштег Твиттерда бир кунда 1,2 миллион маротаба қайта улашилган, яъни репост қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Таиландда монархни ҳақорат ёки танқид қилганлик учун 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Бироқ қиролнинг ушбу ҳаракати жамиятни унга қарши жипслаштирди ва коронавирус Таиланддаги монархия тизимига жиддий зарба бериши мумкинлиги айтиляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер