Тадбиркорнинг ташвиши «Лойиҳалар ярмаркаси»да енгиллашмоқда
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро туманидаги «Работипоён» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида ўз бизнесини йўлга қўяётган оилалар сони кўпаймоқда. Якка тартибдаги тадбиркор Фароғат Исломова шулардан биридир.
Ўтган йили туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ўзининг 50 миллион сўм сармоясини қўшган ҳолда тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган Ф. Исломова 15 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Ишнинг бароридан келаётганини англаган ташаббускор фаолиятини кенгайтириб, яна 15 та иш ўрни яратиш мақсадини ўз олдига қўйди. Бунинг учун эса унга молиявий муассасанинг ёрдами, аниқроғи, 300 миллион сўм маблағ зарур. Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ҳамда Бухоро тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Лойиҳалар кўргазмаси» тадбиркорнинг ташвишини енгиллаштиришда туртки вазифасини ўтади. Ишчи гуруҳи унинг хонадонида бўлиб, фаолияти билан яқиндан танишди ва ишбилармонга кредит маблағи ажратиш кераклигини билдирди.
Бевосита ярмаркага келсак, унда тадбиркорларнинг 70 дан зиёд бизнес лойиҳалари муҳокама қилинди. Бунинг натижасига кўра, ўттиздан ортиқ ташаббускорнинг лойиҳаси молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг