Тадбиркорнинг 2,9 миллиард сўмдан зиёд маблағи суд орқали ундириб берилди

21:33 07 Сентябр 2023 Жамият
905 0

Тўрақўрғон тумани адлия бўлимига ҳудуддаги “Osim qurilish dizayn” хусусий корхонаси номидан шикоят келиб тушди. Гап шундаки, корхона Наманган вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси буюртмасига асосан тумандаги тиббиёт бирлашмаси биносида мукаммал қайта қуриш ишларини амалга оширган. Бироқ, анча вақтдан буён 2 946 000 000 сўм миқдоридаги ҳақини ундиролмай келаётган экан.

Ўрганиш жараёнида даъвогар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўра, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасини мукаммал қайта таъмирлаш ишлари 2020 йил инвестиция дастурига киритилганлиги, мазкур объектда белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилиб, объект фойдаланишга топширилган. Лекин, тадбиркор билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Туман адлия бўлими кўмагида тадбиркор мурожаати юзасидан Наманган туманлараро иқтисодий судига фуқаро манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилди. Иш тезкор тартибда кўриб чиқилиб, хусусий корхонанинг ҳақи ундириб берилди.

— Ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганиб чиқяпмиз, — дейди туман адлия бўлими бошлиғи Фароғат Раззоқова. — Масалан, иш юритувимизга жорий йилнинг етти ойи давомида 286 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 257 таси тўлиқ қаноатлантирилган ва шу асосда 34 та тақдимнома, судларга 3 108 421 сўмлик миқдорда 33 та даъво аризаси, шунингдек тегишли идораларга айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 31 та таклифлар киритилди.

Бундан ташқари тасдиқланган жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалига асосан ҳисобот даврида жойларда 27 маротаба сайёр қабул ўтказилди ва 207 нафар фуқаронинг муаммолари жойида ҳал этиб берилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер