Тадбиркорлик субъектлари тақдим этадиган ҳисобот ва статистик маълумотлар соддалаштирилади
Тадбиркорликни изчил ривожлантиришда ишбилармоннинг ҳаракати билангина иш битмайди. Бунда, албатта, давлатни ўрни ва роли бўлиши керак. Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бизнес соҳаси вакиллари учун қатор қўшимча имтиёз ва имкониятларни яратди.
Мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан Бизнес-Омбудсман Наманган вилояти вакиллари томонидан ҳам кенг миқёсдаги тарғибот тадбирлари амалга оширилаётир. Кейинги кунларда ўндан ортиқ шаҳар ва туманларда юқоридаги Фармон ва қарор, шунингдек, қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан суҳбатлар ташкил этилиб, уларда 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мутасаддилари иштирок этдилар.
— Бизнеснинг муваффақиятида унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, хусусан, солиқ, божхона хизматлари, экспорт борасидаги енгилликлар тадбиркорга қанот бўлади, — дейди Наманган шаҳридаги “Мададкор таъминот” хусусий корхонаси раҳбари Баҳодир Асадов. — Бизнес — Омбудсман томонидан бугун ўтказилган мулоқотда тадбиркор томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳисобот ва статистик маълумотлар кескин қисқартирилганлиги ҳақида батафсил билиб олдим. Демак,энди ушбу йўналишдаги ишлар учун сарфлайдиган вақтимиз қисқаради, уни муҳимроқ юмушларга сарфлаймиз.
Бизнес-Омбудсман Наманган вилояти вакилларининг тарғибот учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг