Тадбиркорлар фаолиятига тўғоноқ бўлаётган муаммолар ўрганилмоқда

17:16 07 Август 2023 Жамият
434 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугунги кунда Наманган вилоятида қарийб 36 мингга яқин кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2,5 мингга яқини жорий йилнинг олти ойи ичида рўйхатдан ўтгани эътиборга олинса, ўзининг иш юритиш салоҳиятини ҳаракатга келтириш истагидаги юртдошларимиз сафи анчагина кенг эканлиги намоён бўлади. Буни, биринчи навбатда, жойларда қулай тадбиркорлик муҳити, хусусан, зарур инфратузилма яратилганлиги, истиқболли лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги билан боғласа тўғри бўлади. Шу ўринда айни пайтда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида тадбиркорлик субъектларининг улуши 75 фоиз, аҳоли бандлигида 83 фоизда тўғри келаётганлиги имкониятлар кўлами, айни йўналишларда марраларни янада каттароқ олишга асос бўлади.

Маълумотларга қараганда, Бизнес Омбудсманнинг вилоят шубасига жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан 411 та мурожаат келиб тушган. Шундан 359 таси ёки 80 фоизи ижобий ҳал этилган. Бундан бизнес эгалари фаолият билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳамон учраб тургани аён бўлади. Ўрганишлар ва мониторинг кузатувлари таҳлилидан келиб чиқиб, 136 та таъсир чораси қўлланилган ва қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 122 мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, бир қатор ташкилот ва идораларга тақдимнома ҳамда огоҳлантиришлар киритилган. Аслида тадбиркорга тўсиқ бўлаётган биргина ҳолат ҳам ортиқча.

— Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги очиқ мулоқоти олдидан вилоятда ўтказилаётган учрашувларда масаланинг айни жиҳатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, —дейди Бизнес Омбудсманнинг Наманган вилоят шубаси раҳбари вазифасини бажарувчи Нодирбек Тожибоев. – Масалан, вилоят солиқ бошқармаси ва Янгиқўрғон туман ҳокимлиги билан ташкил этилган шундай тадбирда ўн бешдан ортиқ тадбиркор солиқ, ер, кредит, текширувлар масалаларида ўзларини ўйлантириб турган муаммоларни ўртага ташлади. Уларнинг ҳар бири назорат учун қабул қилиниб, таклифларни амалиётга татбиқ этиш чоралари белгиланди.

Умуман олганда, вилоят бўйича ўтказилган учрашувларда 300 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари банк кредити, молиявий масалалар, солиқ, энергетика ва бошқа соҳалардаги мавжуд муаммоларни ўртага ташладилар. Шундан, 50 га яқин мурожаат ва таклифлар ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.

Мисол учун, Тўрақўрғон туманида фаолият юритувчи “Runam tex” МЧЖ директорининг фитосанитария сертификатини олишга доир, Поп туманида фаолият юритувчи “Chodak Nihol tex” МЧЖ раҳбарининг ижара асосида фойдаланишга берилган ўрмон фонди ерларига енгил конструкцияли қурилмаларни жойлаштиришга оид қонунчилик ҳужжатларига берилган таклифлари тайёрланиб, ваколатли органга киритилди.

Айтиш керакки, жойларда ўтказилаётган учрашув-мулоқотларда бизнес эгаларининг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, муҳим қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар бўйича тушунчаларини бойитиш имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Масалан, Наманган шаҳрида ташкил этилган шундай тадбир аввалида Президентнинг “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳияти атрофлича баён этилди. Бир қатор тадбиркорлар тегишли идоралардаги расмиятчилик, иш юритишга тўғоноқ фактларни очиқдан-очиқ айтишга журъат қилдилар.

Вилоятда муҳим мулоқотолди тадбирлари давом этмоқда.         

                                                                      Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер