Тадбиркорга ростдан ҳам жарима солинганми?
Яқинда сайтимизда "Тадбиркорга асоссиз 86 миллион сўм жарима солишди" сарлавҳасида хабар берилган эди. Андижон вилоят ДСБ мазкур ҳолатга муносабат билдирди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз:
"Яқинда ижтимоий тармоқларда “Тадбиркорга асоссиз 86 миллион сўм жарима солишди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада “AZIA-STROY” МЧЖ (мақолада “Aзия қурилиш” MЧЖ) раҳбарининг корхонага Aндижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан асоссиз равишда 86 миллион сўм миқдорида ноқонуний жарима солингани баён этилган.
ДСҚ мутасаддилари мақолада баён этилган ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди.
Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, “AZIA-STROY” МЧЖ 2020 йилгача амалда бўлган Солиқ кодексида белгиланган тартибга кўра, Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясига солиқ тўловларини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш тўғрисидаги хабарномани тақдим этмасдан солиқ тўловларини ягона солиқда амалга ошириб келган. Натижада, ушбу даврда бюджетга 86,0 млн. сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмасдан қолингани маълум бўлган.
Аниқланган камчиликни бартараф этиш юзасидан Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан жорий йилнинг 10 январь санасида MЧЖга талабнома юборилган. (№18/2-00087-сон).
Мазкур талабномага жамият томонидан 2020 йил 22 январь куни жавоб хати тақдим этилган. Унда жамият томонидан рўйхатдан ўтган сана (23.07.2018й.)да қоғоз кўринишида хабарнома тақдим этганлиги баён қилинган.
Тақдим этилган жавоб хати ўрганилганда, “AZIA-STROY” МЧЖ рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 15 кун муддат ичида алоқа хати билан Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилганлиги аниқланди. Бироқ, тақдим этилган алоқа хати инспекциянинг “Ташкилий назорат” бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда жамият томонидан юқори турувчи органга ариза билан мурожаат қилинганлигини инобатга олган ҳолда талабнома бўйича кейинги ҳаракат тўхтатилиб, инкассо топшириқномаси ижроси вақтинча қайтариб олинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ўтказилаётган суриштирув якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.
Шу ўринда мақолада келтирилган айрим мавҳумликларни очиқлаб ўтишни жоиз деб билдик.
Мақолада баён қилинганидек, тадбиркорга жарима солинмаган, унга қўшилган қиймат солиғи ҳисобланган.
Фирманинг номи “Азия қурилиш” МЧЖ эмас “AZIA-STROY” МЧЖ. Солиққа тортиш тизимида “ягона давлат солиқ ставкаси” деган жумла йўқ, “ягона солиқ тўлови” мавжуд.
Бу масала ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. У суд орқали ҳал бўладиган иш.
Мақолада келтирилган корхона ишчилари сони 30 нафар эмас. Корхонанинг ҳисоботлари кўриб чиқилганда, 2018 йил давомида атиги 1 нафар, 2019 йилда эса 6 (шундан 2 нафари раҳбар ва ҳисобчи) нафар ишчи расмийлаштирилганлиги маълум бўлди (ўзингиз ўйлаб кўринг, 1 нафар ходим билан 300 миллион сўмлик қурилиш ишини амалга ошириб бўладими?!).
Маълумот учун, “AZIA-STROY” МЧЖ 2018 йил 23 июлда Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтиб, қурилиш фаолияти билан шуғулланиб келади. Жамият томонидан солиқ тўловларини соддалаштирилган тартибда, яъни ягона солиқ тўловида ҳисоблаб, ҳисобот тақдим этиб келган".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг