Тадбиркор ўзи ўқиган мактабга 120 ўринли синфхона қуриб берди

17:53 28 Сентябр 2023 Жамият
712 0

Фото: “Халқ сўзи”

29 – умумтаълим мактаби Бухоро вилояти Пешку туманидаги чекка ҳудуд саналган Дейча маҳалласида жойлашган. Билим даргоҳида яқин – яқингача синфхоналар етишмас, шу сабабли дарслар икки сменада ташкил этилганди. Бугина эмас, ҳатто кутубхона учун хона йўқлигига нима дейсиз?

Қаловини топса қор ёнар, деганларидек, мактаб раҳбарияти қўшимча даромад манбаларини яратиш орқали бу муаммога ечим топди. Дастлаб икки сотихли иссиқхона барпо этилди. Помидор ва бодринг етиштирила бошланди. Қўшимча даромад ҳисобидан ва ҳашар йўли билан 2019 йилда мактаб учун кутубхона биноси қурилди. Зиё масканига билим даргоҳининг собиқ ўқувчилари томонидан бадиий адабиётлар совға қилинди. 2020 йилда эса мўъжаз сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқчилик йўлга қўйилди. Орадан икки йил ўтиб, таълим муассасасида ташкил этилган тадбиркорлик ишларидан келган даромад ва ҳомийлик ёрдамида 60 ўринли ошхона қурилди. Муаммолар шу тариқа бирин-кетин барҳам топа бошлади.

Энг катта муаммони ҳал этишни эса эса мактабнинг собиқ ўқувчиси, тадбиркор Ойбек Намозов зиммасига олди. Яқинда у томонидан ажратилган 1 миллиард 236 миллион сўм маблағ эвазига 120 ўринли синф хоналар ҳамда ўқитувчиларга мўлжалланган тўртта хона қурилиб, жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилди. Мактаб жамоаси, ўқувчилар, ота-оналари бу мурувватли тадбиркордан беҳад миннатдор эканини изҳор этишмоқда.

Эътиборлиси, мактаб ўқувчилари ҳам бу каби эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, устозлари ишончини оқлашга интилишмоқда. Чунончи, жорий йилда мактаб битирувчиларининг 84 фоизи нуфузли олий ўқув юртлари талабаси бўлишиб, бу борада туманда биринчиликни қўлга киритгани таҳсинга сазавор.

— Халқимиз “Ҳамжиҳатликда барака бор”, дея бежиз айтмайди,— дейди мактаб директори Нодиржон Сафоев 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини муносиб кутиб олишаётганини таъкидлар экан. — Ютуқларимиз замирида жамоамиздаги аҳиллик, ишга масъулият билан ёндашуви ётибди, десам адашмайман. Маънавиятли, маърифатли тадбиркор ҳомийларимиз, собиқ ўқувчиларимиз барака топишсин.

Мактаб раҳбарининг қайд этишича, бугунги кунда таълим самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари учун зарур имкониятлар яратилган. Дейлик, 5-6-7- синф ўқувчилари учун математика фанидан қўшимча дарслар ташкил қилинган. Саховатпеша ҳомийлар томонидан ўқувчиларнинг 12 миллион сўмлик ойлик тўловлари тўлаб берилмоқда. Шунингдек, ҳар чоракда     1- синфдан 11- синфгача энг юқори балл тўплаган аълочи ўқувчилар мактаб маъмурияти ва ҳомийлар кўмагида пул мукофоти билан рағбатлантириляпти.

Мактабда китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан ҳам ибратли ишлар йўлга қўйилган. Жорий йил март ойидан бошлаб, ойма-ой бир номдаги бадиий адабиётни учта синф ўқувчиларига ўқишга тавсия этиш тажрибаси йўлга қўйилди. Ой охирида ўқилган китоб бўйича ўғил-қизларнинг билими, фикрлаш қобилияти, нутқини ҳайъат аъзолари тест ва суҳбат жараёнида ўрганишади. Ўқилган адабиёт мазмунини энг яхши ўзлаштирган, равон нутқ билан сўзлаб берган ўқувчи рағбатлантирилмоқда.Таълим-тарбиядаги бу каби ёндашувлар ёш авлод ақлу тафаккурини чархлаб, мактаб жамоаси ютуқларига қанот бўлмоқда.

Ҳурмат ШАРОПОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер