Тадбиркор оила ҳар ҳафта 1 тоннадан ортиқ маҳсулотни қадоқланган ҳолда харидорларга етказиб бермоқда

15:29 11 Март 2026 Жамият
300 0

Риштон тумани қадимдан қандак ўриги билан машҳур бўлиб, бугунги кунда боғбончиликдаги ота-боболардан мерос анъаналар замонавий ёндашувлар асосида такомиллашиб бормоқда.

Айни пайтда риштонлик тадбиркорлар туман боғларида шарбатга тўлиб пишаётган ўрик ва бошқа меваларни қуритилган ҳолда дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилмоқдалар. Экспорт географияси кейинги йилларда қўшни юртлар, Россиядан ташқари АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Туркия сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайиб бораётгани эътиборга молик.

Қувонарлиси, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида сўнгги йилларда тумандаги ўнлаб маҳаллалар ушбу йўналишда ихтисослашмоқда. Хусусан, “Ҳуррамобод”, “Ёшлик”, “Зоҳидон” каби маҳаллалар аҳли мева-сабзавот экспорти борасида катта ҳаётий тажрибага эга.

“Ёшлик” МФЙда истиқомат қилувчи Зайнабхон Маҳмадқулова оиласи ўрик мевасини табиий ишлов бериш орқали харидоргир маҳсулотга айлантириш ва қадоқлаш фаолияти билан шуғулланади. Тадбиркор аёл касаначилик асосида 12 нафар маҳалладош хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

Ҳозирги кунда ушбу хонадонда ҳар ҳафта 1 тоннадан ортиқ табиий дармондориларга бой ўрик маҳсулоти қадоқланган ҳолда тайёрланиб, ички бозорга ҳамда экспортга чиқарилмоқда. Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли Лобархон Қодированинг қайд этишича, эндиликда мазкур тадбиркор тажрибаси асосида маҳаллада ушбу бизнесни жадал ривожлантириш мақсад қилинган. Етакчи тадбиркор сифатида Зайнабхон Маҳмадқулова ушбу ишга масъул сифатида бириктирилди.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Риштон туманида 3,5 минг гектардан зиёд мевали боғлар мавжуд. Унинг 2 минг 100 гектарга яқинини ўрик боғлари ташкил этади. Айни жараёндаги амалий ишлар доирасида туман миқёсида кейинги уч йилда 673 гектар янги – интенсив боғлар барпо этилди.

Бу йил туманда қарийб 52 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер