Табиий газ таъминотида узилишларнинг олди олинмоқда
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида аҳолига табиий газ етказиб беришда барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари изчил олиб борилмоқда. Бунинг учун, аввало, газ тақсимлаш қурилмаларининг созлиги ва қувурларнинг газ ўтказувчанлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис биргина Олтинкўл туманининг ўзида 670 км узунликдаги газ қувури мунтазам назоратдан ўтказиб келинмоқда.
— Хусусан, «Марказ» МФЙ ўрамида жойлашган хонадонларни газ билан таъминловчи ер усти газ қувурининг 4,8 км қисмини ҳамда 6 дона газ тақсимлаш қурилмасини назоратдан ўтказиб, уларнинг созлиги таъминланди, — дейди «Олтинкўлтумангаз» газ таъминоти бўлими муҳандиси Жаҳонгир Қосимов. — Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда онлайн назорат дастури қўл келмоқда. Бу орқали нафақат газ тақсимотидаги тенглик таъминланяпти, балки носозликлар олдиндан аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилишига эришилмоқда.
Ҳозирда туманда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда узилишлар умуман кузатилмаяпти. Бундан, табиийки, аҳоли миннатдор.
— Аслида табиий газга ҳар куни эҳтиёжимиз бор, бироқ Рамазон ойида унга бўлган талаб янада ортади, — дейди «Марказ» маҳалласида яшовчи Ойдиной Аҳмаджонова. — Газ таъминоти идораси ходимлари хонадонма-хонадон юриб, таъминотга оид вазиятни ўрганиш билан бирга газ плитасидан тортиб газ қувуримизгача бўлган қисмларда созлаш ишларини амалга оширишди. Энди табиий газ билан боғлиқ муаммолардан хавотир олмасак ҳам бўлади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг