Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонунга қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бутун мамлакат миқёсида самарали амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, дарахтлар ва буталарнининг қонунга хилоф равишда кесилишини олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатларининг қабул қилинаётганлиги шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳам мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш асосий дастурий мақсад ва вазифалардан бири сафатида белгилаб олинган.
Маълумки, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиқиб, шунингдек мамлакатимизда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди ва унинг ваколатлари, вазифа ва функциялари, фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.
Йиғилишда қайд этилганидек, муҳокама этилган қонун лойиҳаси билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш, хусусан, вазирликнинг номи, вазифа ва функцияларини қонун ҳужжатларида белгилаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Қизғин баҳс мунозараларга бой ўтган йиғилишда қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг