Табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонлари қайта кўриб чиқилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқмоқда.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан эса қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда экологик ҳолатни янада яхшилаш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш, шунингдек ваколатли давлат органларининг ушбу йўналишдаги масъулиятини ошириш имконини беради.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг