Светофор самарадорми ёки 30 км/соатлик чеклов йўл белгиси?

13:08 27 Декабрь 2022 Жамият
823 0

Фото: Халқ сўзи

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида долзарб масалалар қаторида ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль йўлларида инсон ҳаёти ва соғлиғини йўл-транспорт ҳодисаларидан кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммолар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Масала юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Умиджон Адизовнинг жорий йил 11 ойи якунлари бўйича ҳисобот тингланди.

Таъкидланишича, ҳисобот даврида вилоятдаги маҳаллаларнинг 43 фоизида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган. Бироқ Хатирчи туманидаги 24 та МФЙ бу борада «қизил» тоифада турибди. Ҳисоботда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этиш ҳолатлари таҳлил этилар экан, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 15 фоизга камайгани, уларнинг аксарияти тезликни ошириш, 8 таси эса транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш сабабли содир бўлганлиги қайд этилди.

Ўқувчиларнинг мактабга қатновида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталиб, маърузачи қирқта умумтаълим мактаблари жойлашган ҳудуд кўчаларига ҳаракат тезлигини 30 км/соатга чекловчи йўл белгилари ўрнатилгани, 10 та нуқтада эса пиёдалар томонидан бошқариладиган ярим автомат светофорлар ўрнатилганини таъкидлади.

Музокарада депутатлар аксарият ҳолатларда тезликни чеклашга ҳайдовчилар риоя этишмаётганини, қолаверса, бу турли тирбандликлар (айниқса халқаро аҳамиятдаги йўлларда) туғдираётганини айтиб ўтдилар. Шу сабаб пиёдалар томонидан бошқариладиган светофорларни кўпайтириш бўйича таклиф маъқулланди.

Сессияда, шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бир қатор йўналишлари бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер