Сувлиқдаги 131 хонадонга обиҳаёт кириб борди
Фото: “Халқ сўзи”
Нурота туманининг Сувлиқ қишлоғи вилоят маркази — Навоий шаҳридан 130 километр олисда, Нурота тизмаларининг Қоратоғи бағрида жойлашган.
Қишлоқ номининг сувга алоқаси йўқ – шунчаки тўртта сой бирлашиб, отнинг сувлиғи кўринишини олгани учун шундай аталиб кетган. Сув масаласига келсак, у сувлиқликларнинг кўп йиллик муаммоси эди.
— Қишлоғимиз аҳолисини сув билан таъминлаб келган Қуруқсойдаги ягона булоқ суви етмай қолганига ҳам анча йил бўлган эди, — дейди таълим фахрийси Суннат Қурбонов. — Шундан бери сув таъминоти ёмонлигидан азоб тортардик.
Қишлоқ аҳлининг кўп йиллик орзуси куни кеча рўёбга чиқди. Сувлиқликлар учун 2 та ерости қувури қазилиб, 2 та сув иншооти, 4 та сув сақлаш ҳовузи қурилди. Натижада 6,5 километрдан тоза ичимлик суви тармоғи тортилди.
Бу юмушларга 2 миллиард 584 миллион сўм маблағ сарфланди. Бунинг самараси ўлароқ Сувлиқ қишлоғининг 655 нафар аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Энг муҳими, 131 хонадонга об ҳаёт кириб борди ва сув ўлчаш мосламалари ўрнатилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг