Сув таъминоти қамрови кенгаймоқда
Андижон вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида эътиборга молик натижалар қайд этилмоқда. Асака туманида юзлаб хонадонлар илк бор марказлашган ичимлик суви тармоғига улангани ҳам шундан далолат беради.
— Эргашобод маҳалласида 7,5 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, насос станцияси ва 200 куб метрли резервуар барпо этилди, — дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ ходими Марҳабохон Насриддинова. — Бу орқали 260 та хонадон, яъни 1170 нафар аҳоли учун сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, Олақанот маҳалласида 9 километрли тармоқ, 2 та қудуқ қурилди. 445 та хонадон, 2150 нафар фуқаро мунтазам ичимлик сувига эга бўлди.
Бу каби хайрли ишлар нафақат Асака туманида, балки вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда. Хусусан, Жалақудуқ туманидаги Бозорбоши маҳалласида янги қурилаётган кўп қаватли уйлар учун 2 километрли оқова сув тармоғи тортилди. Натижада туман марказидаги кўплаб янги хонадонлар илк бор канализация тизимига уланиши таъминланади.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг