Сув кўп-у, нега балиқ кам?

17:05 06 Январь 2022 Жамият
824 0

Фото: «Халқ сўзи»

Мамлакатимизнинг океанлар ҳамда унга туташ денгизлардан йироқлиги аҳолининг балиқ ҳамда балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва омилкорлик билан иш кўришни тақозо этади. Шу мезон асосида Навоий вилояти имкониятларига разм солсак, ҳудуд ҳавас қилгулик салоҳиятга эга эканлигига амин бўламиз. Хусусан, вилоятда Тўдакўл 21673, Шўркўл 2519 , Айдар-Арнасой кўллар тизими 125 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. Бундан ташқари Зарафшон дарёси вилоятнинг Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларидан ўтиб, ўнг ва сўл соҳилларида балиқчиликни сунъий ҳавзаларда қафас усулида ривожлантириш учун ҳам бир талай имкониятларни тақдим этади.

Гарчанд ушбу имкониятлардан фойдаланиш йўлида сўнгги йилларда муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, вилоятда балиқчилик ривожи ҳамон аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қаноатлантиришга қодир эмас. Мазкур масала 2021 йил 20 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда ҳам таҳлил этилган эди. Чунончи, жойларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани, интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаётгани танқид қилиниб, аҳволни ўнглаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган эди.

Кармана туманида ўтказилган семинар мамлакатимиз раҳбари томонидан соҳа равнақи йўлида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, вилоятда балиқчиликни ривожлантиришга тўғаноқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланди.

Семинарда Навоий вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов ўтган йили 2020 йилга нисбатан овланган балиқ қарийб 2 бараварга ошган бўлса-да, балиқ етиштириш кўнгилдагидек эмаслигига эътибор қаратди. Хусусан, фермер хўжаликлари томонидан йиллик ҳисоботларни топшириш якунланаётган бўлишига қарамасдан, айрим туманларда прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ўта қониқарсизлигича қолмоқда.

Мисол учун, Қизилтепа туманида фермер хўжаликлари белгиланган 968 тонналик прогноз кўрсаткичларини 404 тоннага ёки 41,8 фоизга бажарган. Шунингдек, Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор балиқчи келажаги” фермер хўжалиги томонидан 150 гектар сунъий сув ҳавзасидан овланган балиқ 215 тонна бўлиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 1,4 тоннани ташкил қилмоқда ёки мавжуд имкониятга нисбатан гектаридан 1,6 тоннага кам ҳосилдорликка эришилган. Хатирчи ва Нурота туманларида ҳам шу каби ҳолатларни кузатиш мумкин.

Семинарда "Навоийбалиқсаноат" МЧЖ директори П. Рўзиқулов, “Export Fısh Product” МЧЖ директори О. Саидов, хитойлик ва эронлик мутахассислар интенсив балиқ етиштиришнинг қулайликлари, бунинг учун тадбиркорлар ва аҳоли учун яратилган шароитлар, дунёда соҳа самарадорлигини ошириш мақсадида қўлланилаётган замонавий, инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, балиқчилик кластерларини ташкил этиш, сунъий сув ҳавзаларини қуриш ҳамда уларда аэротор ва хўракдонлар ўрнатиш эвазига интенсивлаштириш масалалари бўйича маълумот бердилар.

Шунингдек, балиқчилик билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари вакиллари, тажрибали балиқ етиштирувчилар томонидан соҳадаги айрим муаммолар юзасидан билдирилган фикрлар бўйича аниқ манзилли вазифалар белгиланди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер