Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари қандай амалга оширилмоқда? 

17:17 25 Декабрь 2020 Жамият
1472 0

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ушбу мавзуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. 

Қайд этилдики, Президентнинг Фармони билан тасдиқланган сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида жорий йилда 5 та, 2025 йилгача 25 та ва 2030 йилгача эса 50 та лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган.

Айни пайтда вазирлик томонидан 2020-2021 йиллар давомида ДХШ қоидалари ва тартиб-таомиллари асосида амалга ошириш юзасидан 24 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 10 таси кластер тизимида фаолият юритиб келаётган хўжаликлар билан амалга оширилади. Улардан 5 таси якунланган бўлса, қолгани келгуси йилда якунига етказилади. Шунингдек, 2021 йилда 9 та лойиҳани бошқа юридик шахслар билан ва 1 та лойиҳани хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириш режалаштирилган.

ДХШ бўйича дастлабки лойиҳалар аллақачон самарасини бера бошлади. Хусусан, 2020 йил июнь ойида Сирдарё мелиоратив экспедицияси билан «Сирдарё мелиоратив қурилиш» масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган қиймати 9 млрд. сўмлик ДХШ битими бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1,5 млрд. сўмлик воситалар келтирилган. 

Бетон заводи, бетон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда техникаларни таъмирлашни йўлга қўйиш натижасида 50 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 27 октябрь куни Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли «Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ирригация ва мелиорация объектларини “TCT AGRO CLASTER” масъулияти чекланган жамиятига ДХШ асосида бошқарувга бериш» лойиҳаси бўйича битим имзоланди, ушбу лойиҳа бўйича барча ташкилий тадбирлар амалга оширилди.

Бир қатор лойиҳалар юзасидан ишлар давом эттирилмоқда. Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда насос станцияларини, Тошкент вилояти насос станциялари ва энергетика бошқармаси таркибидаги «Хондайлиқ», «Сойлиқ-1”, «Сойлиқ-2” насос станцияларини ДХШ асосида бошқарувга бериш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиляпти.

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани «Толқудуққум» насос станциясини ДХШ асосида бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича концепция тасдиқланган ва техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ишлаб чиқилган ҳамда молиявий хулоса олиш учун Молия вазирлигига тақдим қилинган.

Республикамиз сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш юзасидан хорижий давлатларнинг етакчи компаниялари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан Янги Зеландиянинг “Sustainable Energy Services International” компанияси ўртасида насос станцияларини бошқаришда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланганлигини айтиб ўтиш мумкин. Мазкур меморандум доирасида сув хўжалиги тизимида бир нечта насос станцияларини давлат-хусусий шериклик қоидалари асосида бошқариш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер