Сув хўжалиги вазири ўринбосари иштирокида брифинг ўтказилди
Фото: Халқ сўзи
2022 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш» мавзусида брифинг ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Акмал Мирзаев ахборот берди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси»да давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш ҳамда тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда рағбатлантиришга йўналтириш бўйича вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида
2020 йилда 8 та, 2021 йилда 100 та лойиҳа юзасидан хусусий шериклар билан битимлар имзоланди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 трлн. 333 млрд.сўмни ташкил этиб, дастлабки йилларда хусусий шериклар томонидан 146,3 млрд.сўм инвестиция маблағлари киритиш ва бунинг натижасида
144,5 млрд.сўм бюджет маблағларини иқтисод қилиш кўзда тутилган.
Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай туманида жойлашган ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда 8 та насос станциялари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Мароқанд сифат» МЧЖ кластер ташкилоти бошқарувига берилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 463 млрд.сўм бўлиб, хусусий шерик томонидан дастлабки йилларда насос станцияларининг 8 дона агрегати тўлиқ таъмирланди, Оқтош-1 насос станцияси биносининг том қисми янгиланди ва Қозоқ-Ариқ каналининг 16 км узунликдаги қисми механизмлар ёрдамида тозаланди. Бундан ташқари, Хитой давлатидан 500 минг АҚШ доллари эвазига янги (SFWP 105-700 маркали) насос агрегатлари олиб келинмоқда.
Шунингдек, Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган «Шоликор» ва «Шўрузак» насос станциялари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Гулистон Агро Гроуп кластер» МЧЖ бошқарувига берилган. Лойиҳанинг умумий қиймати
46,4 млрд.сўм бўлиб, хусусий шерик томонидан бугунги кунга қадар 5 млрд.сўм инвестиция маблағлари киритилиб, 5 дона насос агрегатлари реконструкция қилинди, мавжуд каналга янги дамба қурилди, 1 дона земснаряд сотиб олинди, сув келтирувчи каналнинг 200 метр қисми тўлиқ таъмирланди, сув тўсувчи иншоотлар модернизация қилинди ва насос станцияларининг ёрдамчи бинолари таъмирдан чиқарилди.
Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилар экан, жорий йилда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 52 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки йилларда инвестициялар киритилиши ва бунинг натижасида бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда 8 та лойиҳанинг дастлабки ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли хулосалар олиш учун Молия вазирлигига тақдим этилган. Шу билан бирга, 23 та лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда ва 21 та лойиҳа юзасидан хусусий шериклар билан музокаралар давом этяпти.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги «Бекяб 48» насос станциясини «Убайдуллаев Батирбай» кластер ташкилоти бошқарувига олиш бўйича таклиф тушган. Умумий қиймати 5 млрд. 438,0 млн.сўмлик лойиҳа доирасида хусусий шерик томонидан дастлабки 2 йилда насос станциясини янги жойга кўчириш ва модернизация қилиш учун 2 млрд. 200 млн.сўм инвестиция киритиш ҳамда лойиҳа муддати давомида эксплуатация харажатларини тўлиқ зиммасига олиб, бунинг учун 3 млрд. 239 млн.сўм маблағ йўналтириш таклифини билдирган. Мазкур лойиҳа хусусий шерик томонидан жами харажатлар қайтармаслик шарти билан амалга оширилади.
Ҳозирги кунда сув хўжалиги объектларини хусусий шерик бошқарувига бериш учун шу каби кўплаб таклифлар билдирилмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 260 та Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг татбиқ этилиши давлат бюджетидан соҳага ажратиладиган маблағларни босқичма-босқич камайтириш, иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этиш учун хусусий инвестицияларни жалб этиш ва илғор бошқарув тажрибасини жорий этишга хизмат қилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг