Сув бу ҳаёт, унинг ҳар томчиси қадрли
Иллюстратив фото
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзсувтаъминот» АЖ мутасаддилари иштирокида «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб соҳада бажарилган ишлар таҳлили» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 28 январдаги тегишли Фармонига мувофиқ «Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинган эди. Унда сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тизимини ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш доирасида республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш, сув таъминоти қувурларидаги сув сириқиш нуқталарини сунъий йўлдош технологияси орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологияларни жорий этиш, Тошкент шаҳрида оқова сувларни тозалаш тизимини шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқариб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотларни барпо этиш юзасидан кабилар шулар жумласидандир. Тадбирда бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш» лойиҳаси бўйича тендер ғолиби – «Metito Utilities Limited» хорижий компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган ва бу мазкур тизимда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган илк лойиҳа ҳисобланади.
«Ўзсувтаъминот» АЖ Бошқарма бошлиғи ўринбосари Султонхўжа Дадабоевнинг айтишича, ҳозирда Осиё тараққиёт банки билан Тошкентда янги оқова сув иншоотларини қуриш бўйича музокаралар олиб борилган ҳамда пойтахтимизда бўлиб ўтган Давлат-хусусий шериклик бўйича давра суҳбати доирасида «Ўзсувтаминот» АЖ ва Осиё тараққиёт банки ўртасида Тошкент шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматини кўрсатиш бўйича битим имзоланган.
Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистон Республикаси сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида ичимлик суви таъминотида ва оқова сув хизматларини кўрсатишда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш ва уларнинг профессионал савиясини ошириш ҳам кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Корея Республикасининг «K-Wаtеr» корпорацияси билан сув таъминоти ходимларини ўқитиш, уларда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, жаҳоннинг энг яхши тажрибалари билан таништириш мақсадида мамлакатимизда махсус ўқув муассасасини ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, айни пайтда пилот лойиҳа тариқасида аҳолига «ақлли» сув ҳисоблагичларини ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида «Ўзсувтаъминот» АЖ Ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълумот берди.
Тадбир якунида журналистлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Маликадиана ИСРОФИЛОВА, ЎзДЖТУ талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг