Сусткашликка йўл қўйгани учун туман даражасидаги 382 нафар масъуллар ишдан олинган

14:22 10 Май 2024 Сиёсат
587 0

Президент раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Сайхунобод» тажрибаси доирасидаги ишлар ҳамма ҳудудларда ҳам бирдек ташкил қилинмаётганини кўрсатиб ўтди.

Масалан, 7 та туман ўрганилганда, 17 та маҳаллада ишлар сустлиги аниқланди.

Ёки, ишга тушгани айтилган 1 мингдан зиёд хонадондаги микро-лойиҳалар жойида ўрганилганда, 76 таси ёки 7 фоизи ўз тасдиғини топмади.

Шу боис, сусткашликка йўл қўйгани учун туман даражасидаги 382 нафар масъуллар ишдан олинган.

Президентимиз бандлик ва аҳоли даромади масаласи биринчи даражали аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлаб, бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди.

Яна бир муҳим масала – тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси.

Жорий йилнинг январь март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаромиз қайтиб келган. Йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши прогноз қилинмоқда.

Уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, «маҳалла еттилиги» тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Муҳокама қилинган вазифалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер