Сурхондарёнинг тўй-у томошаси кураш билан файзли
Сурхон заминида баҳор нафаси уфурган ҳар бир кун халқ қалбидаги қувонч, орзу ва қадриятларнинг яна бир бор уйғонишидир. Зеро, бу юртда фасллар алмашинуви шунчаки табиат ҳодисаси эмас, балки инсон руҳиятидаги янгиланиш, эзгу ниятлар ва анъаналарнинг қайта жонланиши билан уйғун кечади. Айниқса, Наврўз бу маънода алоҳида ўрин тутади. У табиат билан бирга инсон қалбини ҳам поклаб, ҳаётга янги руҳ ва мазмун бахш этадиган улуғ айёмдир. Ана шу қутлуғ дамларда Сурхондарё яна бир бор ўзининг бетакрор руҳи — курашсеварлиги, жасорати ва анъаналарга садоқати билан яққол намоён бўлди.
Сурхондарёнинг ҳеч бир тадбири, тўй-томошаси курашсиз ўтмайди. Буни шунчаки ибора сифатида айтмадик. Ушбу анъана асрлар давомида шаклланган ҳаёт тарзи, миллий ғурур ва ироданинг ифодасидир. Шу боис Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатр майдонида Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган катта кураш мусобақаси ҳам нафақат спорт тадбири, балки халқ руҳиятининг ёрқин кўзгусига айланди.

Президентимиз ташрифи чоғида полвонлар учун Деновда оромгоҳ, Шерободда замонавий база барпо этиш каби икки йирик лойиҳанинг белгилаб берилиши ҳам курашга, у орқали тарбия топаётган авлодга бўлган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди. Бу эътибор эса сурхондарёликларнинг қалбида янада кучли иштиёқ ва масъулиятни жўш урдирди.
Наврўз айёмида ташкил этилган кураш мусобақаси ана шу руҳий кўтаринкиликнинг амалий ифодаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Беллашувлар тўрт вазн тоифаси ҳамда мутлоқ вазн тоифасида ўтказилиб, ҳар бир баҳсда жасорат, матонат ва ғалабага бўлган чанқоқлик яққол намоён бўлди. Полвонлар гиламга нафақат куч, балки юртга бўлган муҳаббат, ор-номус ва анъанага садоқатни ҳам олиб чиқдилар.

Бош совринга автомобил, шунингдек, туя, от, ҳўкиз ва бошқа қимматбаҳо совринлар қўйилган беллашувда муносабатлар кескин, баҳслар муросасиз кечди. Натижада ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирландилар.
Мутлоқ вазн тоифасида шерободлик Муҳаммадкарим Хуррамов олтин медални қўлга киритиб, ҳақли равишда бош соврин — Президент совғаси бўлган автомобил соҳиби бўлди. Ундан кейинги ўринни олтинсойлик Жаҳонгир Мамматрахимов эгаллаган бўлса, узунлик Абдузоҳид Хусайинов ҳамда шўрчилик Бекмурод Олтибоев учинчи поғонани банд этишди.

Аёллар ўртасидаги баҳсда 73 килограмм вазн тоифасида Термиз шаҳри вакили Шохиста Назарова ғолибликни қўлга киритиб, нафақат ўз ҳудудининг, балки юрт фахрига айланди.
— Биз курашга шунчаки спорт тури сифатида қарамаймиз, — дейди бойсунлик кураш фахрийси Эшқобил полвон Ғаниев. — Йигитнинг ори, тарбияси, юртнинг анъанаси, миллат руҳининг тирик ифодаси сифатида қабул қиламиз. Юртбошимизнинг эътибори, Наврўз байрами ана шу руҳни янада юксалтириб, авлодлар қалбига ғурур ва ишонч бағишламоқда.

Наврўз қадриятларни ана шундай мустаҳкамлаб, одамлар қалбида бирдамлик ва ишончни оширмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг