Сурхондарёлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

21:33 03 Апрель 2024 Жамият
604 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарҳод Эсонов/«Халқ сўзи». Термиз шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун жўнаб кетаётган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тинч ва осуда, фаровон ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилаётгани, шунингдек, ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шарафга айлангани алоҳида таъкидланди.

— Фарзандим барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётганидан фахрланаман, — дейди Чоршанби Алиқулов. — Шукр, юртимиз тинч. Шу сабаб мамлакатимиз обод, хонадонларимиз файзли, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор.

Феруз Дўсатов болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилди. У бу борада ўқиб ўрганди, жисмонан чиниқди. Бугун у орзуси йўлида дастлабки қадамини ташлади.

— Йигитлик бурчимни бажаришга чоғланар эканман, барча тенгқурларим қаторида мен ҳам Ватанимга муносиб хизмат қилиш, унинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғимдек асраб-авайлашни мақсад қилдим, — дейди у.

Тадбирда аскарларга Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг эсдалик совғалари ва санитария-гигиена воситалари топширилди. Ҳарбий оркестр ва санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер