Сурхондарёда жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 трлн. 70 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди

16:06 10 Январь 2023 Жамият
654 0

Фото: Халқ сўзи

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда асосий эътибор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, ижро самарадорлигини янада оширишга қаратилмоқда. Шунинг баробарида бошқарма саъй-ҳаракати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, яъни «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар учун ўтган йили 32 млрд. 53 млн. сўм маблағ мутаносиб равишда махсус жамғармаларга йўналтирилди.

Бундан ташқари 2022 йилда 68 млрд. 960 млн. сўм алимент пуллари ундирувчилар номига очилган банк пластик карталари орқали тўланиши йўлга қўйилди. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган 24 нафар қарздорнинг ундирувчиларига 236 млн. сўм пул маблағлари «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди. Бошқарма томонидан маҳалла идоралари ва жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган кенг қамровли тушунтириш ишлари натижасида вилоятда 2 минг 34 та оила яраштирилгани ҳам эътирофга молик жиҳатдир.

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Қобилжон Турсуновнинг таъкидлашича, ўтган йили иқтисодий судларнинг ҳамда давлат солиқ органларининг қарорларига асосан жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 трлн. 70 миллиард 985 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди.

Илҳом Раҳматов,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер