Сурхондарёда «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилмоқда

17:59 11 Ноябрь 2020 Жамият
4573 0

Сурхондарёда Республика ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» маънавий-маърифий тадбирлари бошланди. Хусусан, Термиз шаҳридаги биринчи болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон маҳалласи аҳли учун ташкил этилган тадбирда таниқли олимлар, элимиз эътиборидаги санъаткорлар, маҳалладаги ёшлар, нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Сўнгги тўрт йил мамлакатимиз тарихида туб ислоҳотлар ва янгиланиш даври бўлди. Айниқса, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш ва аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида ўтказилган бугунги тадбирда таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, маданият арбоблари, театр актёрлари ва ёшлардан иборат тарғиботчилар гуруҳлари томонидан билдирилган фикрлар ва намойиш этилган саҳна кўринишлари шунингдек, ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Бугунги кунда қўшни давлатлар билан чегараларимиз очилиб, қавму қариндошлар, дўсту биродарлар ўртасида борди-келди муносабатлари, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, маданият ва санъат каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик қайта тикланди. Бундан тўрт йил муқаддам атиги битта университетга эга бўлган жанубдаги воҳада бугун олтита олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ён қўшни давлат йигит-қизлари ўқиб, ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганмоқда.

Кейинги йилларда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар янги йўналишдаги тиббиёт муассасаларини барпо этиб, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, кўп қаватли кенг шинам ва арзон уй-жойлар қуриш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янги босқичда юксалтириш, воҳанинг туристик салоҳиятини ошириш ва аграр тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Маънавий-маърифий тадбир доирасида моҳир ёш спортчилар, ҳарбий хизматчилар кўргазмали чиқишларини намойиш этди. Термиз шаҳрининг бош режасига асосан барпо этилаётган ижтимоий соҳа объектлари, 9,12 ва 16 қаватли янги уйлар лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари ва китоблар, ёш рассомлар кўргазмаси ташкил этилди. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижаларига бағишланган видеоролик барчада илиқ таассурот уйғотди.

Таниқли шоирлар Ватан ва тинчликни, тинч-осуда, обод ҳаётни тараннум этган шеърларидан намуналар ўқиди. Маннон Уйғур номли вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган спектакллардан парчалар, халқимиз қалбидан жой олган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

Ҳозирда Республикамизнинг барча ҳудудларида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер