Сурхондарёда меҳр ва шукроналик байрами — Ҳайит кенг нишонланди
Сурхондарё вилоятида муборак Рамазон ҳайити юксак руҳ, кўтаринки кайфият ва кенг жамоатчилик иштирокида нишонланди.
Байрамнинг илк тонггида вилоят бўйлаб жами 135 та жомеъ масжидда қарийб 200 минг нафар фуқаро ҳайит намозини адо этдилар. Имом-хатиблар ўз маърузаларида Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳияти, инсон қалбини поклаш, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида атрофлича сўз юритишди.

Айниқса, Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий жомеъ масжидида минглаб намозхонлар жам бўлиб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун дуо қилдилар.
— Бугунги ҳайит намозидаги шукуҳ ва одамларнинг бир-бирига бўлган самимий муносабатини кўриб, қалбингизда алоҳида фахр туйғуси уйғонади, — дейди Рўзибой ота Ҳасанов. — Бу каби оммавий ибодатлар халқимизнинг бирлашгани, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликка интилишининг ёрқин ифодасидир. Айниқса, ёшлар билан кексаларнинг бир сафда туриб дуо қилаётгани жамиятимиздаги узвийлик ва маънавий давомийликни кўрсатади. Энг муҳими, бундай айёмлар инсонларни яхшилик қилишга, эҳтиёжмандларга ёрдам беришга ундайди.

Айём муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар «Меҳрибонлик» ва «Мурувват» уйларида, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногирон шахсларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Маҳаллалар, жамоат ва хайрия ташкилотлари томонидан кенг кўламли ифторлик ва эҳсон тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Шу жиҳатдан, Рамазон ҳайити нафақат диний байрам, балки жамиятда бирдамлик, тинчлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий воқелик сифатида намоён бўлмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг