Сурхондарёда эҳтиёжманд оилаларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди
Фото: "Халқ сўзи"
Аҳолининг ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси ходимлари алоқадор соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аҳолининг ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш мақсадида «Маҳаллабай», «Хонадонбай» ўрганиш ишлари ўтказди. Бу жараёнда уй-жой, кучмас мулк объектларининг эгалик ҳуқуқига оид таҳлилий маълумотларга эга вилоят прокуратураси масъуллари томонидан ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мулкий ҳужжатга эгалик қилиш орқали ҳар ким қонуний ваколатидан фойдаланиш, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб фойдали келишувга эришиш имконига эга бўлади. Қолаверса, расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкаларида иссиқхона қуриш, уй-жойни кенгайтириш учун кредит ёки субсидия олишнинг имкони йўқ.
Аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган ташаббуслар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят кадастр идораларига жами 4 минга яқин мурожаат келиб тушган. Шундан 1490 таси ижобий ҳал этилган, қолган 2600 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Махсус ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари давомида 100 нафарга яқин фуқарога уларнинг уй-жойларини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам берилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг