Сурхондарёда 295 гектар ер ёқиб юборилди

18:24 14 Июнь 2024 Жамият
628 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сомон қолдиқларини ёқиб юборилиши натижасида дала четида ихота сифатида экилган 172 туп манзарали ва мевали дарахтлар куйган.

Сурхондарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, вилоятнинг Қумқўрғон ҳамда Жарқўрғон туманларида дрон орқали ўтказилган рейд тадбирларида ғалладан бўшаган ер майдонларини ёқиш билан боғлиқ 15 та ҳолат аниқланди.

Қумқўрғон туманида 11та фермер хўжалиги томонидан ғалладан бўшаган 208 гектар ер ёқиб юборилган. Натижада, дала четида экилган жами, 18 та манзарали ва мевали дарахт ҳам куйган. Жарқўрғон туманида аниқланган 4 та ҳолатда жами, 87 гектар сомон қолдиқларига ўт қўйилган. Дала четида ихота сифатида экилган 154 туп тут дарахти куйган.

Юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан фермер хўжаликларининг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, аниқланган ҳолатлар бўйича табиатга етказилган зарарлар ҳисобланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Маълумот учун, сомон поя қолдиқлари ёниши натижасида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиғи учун ўта зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.

Сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлиги кескин пасайиши, тупроқ структураси бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементлар йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерлари балл бонитети кескин пасаяди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер