Сурхондарёда 10 минг гектар майдонда “яшил макон” барпо этилади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбирлари Сурхондарё вилоятида ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Кеча давлат раҳбари иштирокида ўтказилган тадбирда Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг 14 та ҳудуди, жумладан, Сурхондарё вилояти ҳам видеоконференция алоқаси орқали уланиб, ҳудудларда кўчат экиш ишлари амалга оширилди.
Ушбу тадбирларда вилоят раҳбари бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Ангор туманида ташкил этилаётган “яшил белбоғ” лойиҳаси ҳудудида дарахт кўчатлари экилди.

Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда “яшил макон” барпо этиш белгиланган. Бугунги кунга қадар шундан 2 минг гектар майдонда дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, Шеробод туманида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона кластерини ташкил этиш ҳамда 100 гектардан ортиқ ҳудудда дендрология боғи барпо этиш режалаштирилган.
Ангор ва Термиз туманларидан ўтувчи М39 халқаро магистрал йўли бўйида жойлашган 215 гектар майдонда “ўрмон усули”да 550 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парваришланмоқда. Жумладан, Ангор туманида 102 гектарда 261 минг туп, Термиз туманининг “Янгиобод” маҳалласида эса 31 гектарда 12,7 минг туп элдор қарағай кўчатлари экилган бўлиб, қўшимча равишда 6,5 минг туп наъматак билан бойитилмоқда.
Кўчатларни самарали парваришлаш мақсадида замонавий суғориш инфратузилмаси яратилган: сув қудуғи, трансформатор ва сув ҳавзалари қурилди ҳамда томчилатиб суғориш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Амалга оширилаётган “яшил белбоғ” лойиҳалари ҳудудларда чанг-тўзонларнинг олдини олиш, экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилмоқда. Хусусан, “Каттақум” ҳудудида 82 гектарда 218 минг туп, Ангор туманининг “Қорақир” массивида эса 108 гектарда 270 минг тупга яқин турли хил дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда.
Маълумот учун, ўтган йилда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 20,7 миллион дона кўчат экилиб, белгиланган режа 103 фоизга бажарилди. Шунингдек, “Менинг боғим” лойиҳаси асосида 12 та янги яшил ҳудуд барпо этилди.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг