Сурхондарёда 1 минг 753 та корхонанинг мол-мулки нима учун хатланди?
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини самарали амалга ошириш учун яратилган қулай шарт-шароитлардан фойдаланиб, бизнес оламида ўз ўрнини топаётган ишбилармонлик субъектларининг сафи кенг. Улар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш асносида солиқларни қонунда белгиланган тартибда тўлаб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий равнақига сезиларли ҳисса қўшмоқдалар.
Бироқ солиқ тўлашни пайсалга солиб, бу борадаги қонунчиликни четлаб ўтишга уринган тадбиркорлик субъектлари ҳам йўқ эмас.

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ва унинг қуйи органлари томонидан ана шундай корхоналарга қарши қонуний таъсир чоралари қўлланилмоқда. Жумладан, Қумқўрғон туманидаги «Сурхон пармалаш ишлари» акциядорлик жамиятининг солиқ қарздорлиги 9 миллиард 700 миллион сўмдан ошиб кетгач, жамиятининг "Lacetti“ ва 2 та ”MAN“ русумли юк автомобили, сув ташувчи махсус транспортлари ҳамда маъмурий биноси солиқ органлари томонидан хатланди. Шу тумандаги «Агросервис машина трактор парки 2017» корхонасининг 3 миллиард 400 миллион сўмлик, «Пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг 251 миллион сўмлик, «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасининг 1 миллиард 100 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги сабаб мазкур корхоналарнинг мол-мулклари белгиланган тартибда хатланди.
— Вилоятда 1 минг 753 та корхонанинг 156,0 миллиард сўмлик солиқ қарзи эвазига уларнинг мол-мулки, яъни транспорт воситалари, нотурар объектлари хатланди. Бу чора ўз натижасини берди - 1 минг 67 та корхона томонидан мавжуд 87,0 миллиард сўмлик солиқ қарзи тўланди. Бундан ташқари солиқ қарзи мавжуд бўлган 4 минг 368 та корхона балансидаги мол-мулклар ҳамда транспорт воситаларига Солик кодексининг 114-моддасига асосан тақиқлар қўйилган, — дейди Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Рустам Нарзуллаев.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг