Сурхон воҳасида қадрдон айём шодиёналари

17:20 30 Август 2022 Жамият
962 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги Амфитеатр мажмуасида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган асосий байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда ишлаб чиқариш илғорлари, турли меҳнат жамоалари аъзолари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда қўшни Тожикистон Республикаси делегацияси иштирок этди.

Дастлаб Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов барчани энг азиз ва қадрли айём билан муборакбод этиб, мустақиллик йилларида Сурхон воҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, эришилаётган улкан ютуқ ва натижалар, халқимиз ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Қайд этилганидек, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, ўтмишдан илму фан, маънавият, маърифат ва маданият бешиги бўлиб келган Сурхон воҳаси тобора сайқал топиб, янада обод, гўзал ва фаровон гўшага айланмоқда.

Ўтган йил якунига кўра, вилоятда 2017 йилга нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,3 бараварга ошди. Экспорт ҳажми олти йил аввалги 12 млн.доллардан 73 млн.долларга етди. Тармоқда банд бўлган аҳоли сони 5 минг 625 нафардан 13 минг 545 нафарга кўпайди. Шу билан бирга мева-сабзавотларни қайта ишлаш, иссиқхоналарда сархил маҳсулотлар етиштириш каби йўналишларда ҳам туб ўзгаришлар бўлди. Хизматлар кўрсатиш соҳаси янги босқичда ривожланди. Агар 2018 йили вилоят бўйича 188,0 млн. долларлик 85 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда экспорт ҳажми 230,3 млн. долларни, маҳсулотлар сони 163 тани ташкил этди. 244 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб этилди. Хорижлик инвесторларга янги имтиёз ва имкониятлар яратилгани боис чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар сонини 2018 йилга нисбатан 4 баробарга оширди. Ҳозир вилоятда 609 та хорижий сармоядорлар иштирокидаги корхона мавжуд. Биргина шу йилнинг биринчи ярмида 37 та янги қўшма корхона ташкил этилди.

— Бундан беш йил аввал ҳеч биримиз вилоятда 14, 16 қаватли уйлар қурилишини хаёлимизга сиғдиролмас эдик, — деди вилоят раҳбари. — Қисқа вақтда Термиз шаҳри ва Денов туманида ана шундай осмонўпар бинолар қад ростлаётгани айни ҳақиқатдир. Мисол учун, Денов тумани «Лочин» массивида 800 хонадонли 12 та 7, 9, 12, 14 ва 16 қаватли замонавий уй-жойлар барпо этилди.

Вилоятда 2019-2021 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 70 та манзилда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 43 мингта хонадон ёки 244 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланишига эришилди.

Биргина шу йилнинг ўтган даврида ижтимоий дафтарлар рўйхатида турганларга 49 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

— Ватанимиз тарихидаги шонли сана – мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги бу гал юртимиз бўйлаб «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида нишонланмоқда. Вилоятимизда байрам тадбирлари юқори савияда ўтказилмоқда. Бугун театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқ ва миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликни тараннум этувчи байрам дастури барчага бирдек кўтаринкилик бахш этди. Рости, мураккаб пандемия сабаб бундай шох-шодон дамларни жуда соғингандик. Шу боисми, ҳамманинг юз-кўзида қувонч, шодмонлик уфуриб турибди. Буни одамларнинг давраларни тўлдириб рақсга тушганида ҳам кўриб, ҳис қилиш мумкин. Зеро, дунёда истиқлол, ҳурликдан улуғ неъмат йўқ. Бахтли, фаровон кунларимизнинг кафолати бўлган Мустақиллик шодиёнаси ҳар бир юракда шукроналикни янада оширмоқда. Илоҳим, юртимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин! —  деди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Гулмира Амирова.

Байрам бадиий саҳнасида болажонлар, ҳарбийлар, спортчилар, турли маданий марказ томонидан тайёрланган ранг-баранг чиқишларга кенг ўрин берилди. Эл суйган таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари, чароғон мушаклар ёғдуси дилларга завқ-шавқ бағишлади.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер