«Бобур шу уйда яшаганми?»
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон марказидаги Эски шаҳар ҳудудида муқаддас маскан бор. Марказий кўчанинг ёқасида жойлашган бу ёдгорлик «Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг уй музейи» номи билан машҳур. Бу объект XIV асрда Хожар исмли шаҳар ҳукмдори томонидан қурдирилган. Мадраса Заҳириддин Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо арки ўрамида бўлиб, кейинги 7-8 асрда бир неча бор таъмирланган. Ушбу меъморчилик ёдгорлиги 27 та ҳужра, 3 та гумбазли дарсхона, талабаларга мўлжалланган кичкина ёпиқ ва айвонли намозгоҳдан иборат.

Музейда турли даврларда яшаб ижод қилган рассомлар томонидан ишланган Бобурийлар ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи 200 дан ортиқ экспонатлар жамланган. Уларда Бобурнинг тахтга ўтириши, Андижон қалъаси учун бўлиб ўтган жанг, ов тасвирлари, Хўжа Аҳрор Валийнинг дафн маросими, Хонзодабегимнинг Андижонни тарк этиши, Шайбонийхон билан бўлган жанг воқеалари ифодаланган. Рассом Ҳасанбой Саидов томонидан яратилган «Бобур Бароқўҳда», «Гулхан атрофида ўтирган Бобур», «Жангдан қайтган Бобур» ва «Бобурнинг Андижонни тарк этиши» номли асарларининг ҳар бири тарихнинг кўпчиликка маълум бўлмаган жиҳатларини ўзида ифода этган. Асарларни томоша қилган киши Бобурнинг Бароқўҳ тоғидаги қурилиш ишлари билан танишиш, қорли тоғ бағрида аскарлар билан мулоқотидан воқиф бўлиб қолмасдан, унинг инсонпарварлик хислатларига ҳам гувоҳ бўлади. Экспозицияда «Бобурнома» асарига ишланган миниатюралар, Бобурийлар сулоласининг шажараси ҳам ўрин олган.

— Музейимизга ташриф буюрган киши Бобурнинг болалигидан то босиб ўтган умр йўли ҳақида етарли маълумотга эга бўлади, — дейди музей бўлим мудири Улуғбек Тожибоев. — Бобур қаламига мансуб асарлар, ҳужжатларнинг асл нусхалари меҳмонларнинг эътиборини тортади. Музей масъуллари томонидан Бобур ва Бобурийлар даври ҳаётини ўзида акс эттирувчи компьютерлаштирилган тасвирлар устида ишланмоқда. Келгусида уй музейи ҳовлисида аждодларимиз турмуш тарзи, фаолиятини ифода этувчи манзара барпо этилади.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг