Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилади — Қонун лойиҳаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низоларни ҳал этишдаги муаммоларни ўрганиш натижаларига кўра, мазкур тоифадаги ишларда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини белгилаш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни узоқ муддатли ижарага бериш мажбуриятини юклаш ҳақида қарорлар қабул қилинаётгани аниқланмоқда.
Ўз навбатида, бундай қарорлар асосида ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида қурилган биноларга ноқонуний эгалик ҳуқуқи белгиланаётгани ёки эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича кадастр ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига мажбурият юкламоқда.
Ушбу тоифадаги ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларнинг муҳокамасида прокурорнинг мажбурий равишда иштирок этишини белгилаш зарурияти вужудга келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодекларига судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларда прокурорнинг мажбурий иштирок этишини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг таъминланишига, судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилишига эришилади.
Мажлисда депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ва таклифлар юзасидан ташаббускорлар томонидан атрофлича жавоблар олиниб, қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг