«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига ўзгариш киритилади

14:07 03 Декабрь 2024 Сиёсат
587 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Шунингдек, «Судларнинг фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов маъруза қилган. Мажлисда қайд этилганидек, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилиб борилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда, айни вақтда судяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини судлар фаолиятига кенг жорий этиш зарурати мавжуд.

Амалдаги тартибга кўра Олий суд раисларининг ўринбосарлари – тегишли судлов ҳайъатлари раислари лавозимига аниқ йўналиш (маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий) бўйича сайланиши белгиланган. Олий суд судяларига нисбатан эса, аниқ йўналиш бўйича сайланиш тартиби жорий этилмаган. Бу эса, судяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишга тўсқинлик қилиб, Олий суд раиси ўринбосарларини бир судлов йўналишидан бошқа бир судлов йўналишига ўтказиш (ротация қилиш) имконини бермайди.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига Олий суд таркибининг судлов ҳайъатлари раислари билан боғлиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда. Депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, одил судлов сифатини юксалтириш ҳамда мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Юқорида айтилганидек, «Судларнинг фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, янгиланган Конституциямизда судларнинг фаолияти ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга оид бир қатор конституциявий кафолатлар белгиланди. Бу ўз навбатида, амалдаги қонунларнинг тегишли нормаларини янгиланган Конституцияга мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.

Қонун лойиҳаси билан, «Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга Судялар олий кенгаши таркиби, шу жумладан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйиляпти.

«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари нафақат барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар, балки фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, шахсларнинг нафақат давлат органлари, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Бундан ташқари, «айбсизлик презумпсияси» ва «Habeas korpus» институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар киритиляпти. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер