Судда ёшлар ютиб чиқди
Фото: Иллюстратив фото
Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахснинг асоссиз равишда ишдан бўшатилишига йўл қўйилмайди. Модомики, қисқариш ва иш ўринларининг оптималлаштирилиши туфайли ишдан бўшатилар экан, улар олдиндан огоҳлантирилиб, икки ойлик компенсация пули тўлаб берилиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги ёшлар етакчилари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилди.
— Мазкур қарорга кўра Навоий шаҳридаги 10 та умумтаълим мактабининг ёшлар етакчилари штат бирликлари ҳам қисқартирилиб, уларга огоҳлантириш хатлари берилган, — дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ўткир Нормуродов. — Бироқ ушбу ходимларга икки ойлик компенсация пуллари тўланмаган. Шу муносабат билан бўлимимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-банди билан бекор қилинган умумтаълим мактабларининг 10 нафар ёшлар етакчиси лавозимида фаолият юритган фуқаролар манфаатини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаларини киритдик.
— Навоий шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида ёшлар етакчиси бўлиб ишладим, — дейди Суратжон Обидов. — Тўғриси, агар Навоий шаҳар адлия бўлими мазкур ҳолатни ўрганмаганида меҳнат муносабатларидаги менинг зараримга қонунбузарликни ҳатто англамаган ҳам бўлардим.
Судда умумтаълим мактабларидаги собиқ ёшлар етакчиларининг даъволари қаноатлантирилиб, уларга жами 22 994 390 сўм ишдан бўшатиш нафақалари ундирилиши белгиланди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг