Суд қарорларини қайта кўришнинг янги механизмлари

19:29 14 Август 2023 Сиёсат
966 0

“Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси бўлди.

Сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича улкан ишлар қилинди.

Натижада одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди. Шу билан бирга, бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги интститут – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Яъни, қонун лойиҳасида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда аппелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти.

Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгаяди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Қонун лойиҳаси суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Фракция азолари ушбу қонуннинг “Адолат” СДП мақсад ва ғоялари билан узвий боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилгани, унинг қабул қилиниши адолатли жамият яратишнинг асосий бўғини ҳисобланган суд тизимининг янада мукаммаллашувига, фуқароларга ушбу тизимда қулайлик ва енгиллик яратилишига имконият яратишини қайд этдилар. Қонун лойиҳаси юзасидан партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ва таклифлар юзасидан мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олиниб, мазкур қонун лойиҳаси маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер