Суд иши бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида “SMS-хабар” орқали хабардор қилишнинг процессуал асослари белгиланмоқда

20:11 02 Август 2022 Жамият
955 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Бугун 2 август куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда бир нечта масалалар, жумладан, Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун юзасидан Қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Мазкур Қонун билан жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишлари бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида “SMS-хабар” орқали хабардор қилишнинг процессуал асослари белгиланмоқда, шунингдек, суд иши бўйича тарафлар ишни судда кўришнинг бориши тўғрисида ахборот тизими орқали онлайн режимда ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартиби белгиланмоқда.

Жиноий суд ишларини юритишда, агар гувоҳ суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган бўлса, ундан тилхат олинмасдан, унинг қасамёди, унга ўз мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилиши ва бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди.

Қўмита мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан биринчи маротаба тайёрланган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳам сенаторлар томонидан муҳокама этилди.

Ерларни фақат аукцион орқали сотилиши белгиланиши натижасида 2021 йил биринчи ярим йиллигида ҳокимият вакиллари томонидан ер билан боғлиқ 28 та коррупцион жиноят содир этилган бўлса, 2021 йил иккинчи ярим йиллигида ушбу турдаги жиноятлар сони 17 тага ёки 61 фоизга камайишига эришилганлиги таъкидланди.

2021 йил мобайнида Коррупцияга қарши мониторинг тадбирлари давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, улар томонидан жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиши таъминланган.

Давлат харидлари соҳасида 2021 йил мобайнида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида, республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 141 млрд сўмлик 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ҳамда шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 446 та тақдимнома киритилган ва 141 млрд сўмлик маблағлар мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг очиқликни таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ижро этилиши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Сенаторлар Халқ таълими вазирлиги томонидан Қўмитанинг 2022 йил
5 майдаги 36-сонли қарори ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилганини қайд этдилар.

Жумладан, қарор ижроси юзасидан Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятлари халқ таълими бошқармалари ҳамда Психологик-педагогик республика ташхис маркази, Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, “Ўқув-таълим-таъминот” ДУК расмий веб-сайтлари фаолияти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, вазирлик расмий веб-сайти ҳамда Очиқ маълумотлар порталида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар эълон қилинган.

Бироқ мажлисда таъкидланганидек, фаолият очиқлигини таъминлашда ишлар тўлиқ бажарилмаган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Андижон, Навоий ва Наманган вилоятлари халқ таълими бошқармалари ҳамда Республика болалар кутубхонаси, Республика таълим маркази, Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан қайд этилган очиқликни таъминлаш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш юзасидан бирор амалий иш бажарилмаган.

Вазирлик тизим ташкилотлари ва ҳудудий бошқармаларининг расмий веб-сайтлари амалда тўлиқ фаолият кўрсатмайди, фаолият билан боғлиқ ахборотлар доимий равишда эълон қилиб борилмайди, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган очиқ маълумотлар эълон қилинмаган, расмий веб-сайтни юритиш ишлари қонунчилик талабларига жавоб бермаслиги танқид қилинди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер