Суд-ҳуқуқ соҳаси ривожи учун яна нималарга эътибор қаратиш лозим?
Бугун Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Анжуман ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, хорижлик экспертлар, етакчи илмий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, курсантлар қатнашди.
Тадбир янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим стратегик дастурини амалга ошириш — Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида белгиланган қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масалалари муҳокамасига бағишланди.
Анжуманда таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, суднинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим аҳамиятга эга бўлган йўналишларидан биридир.
Ўтган давр давомида ушбу муҳим ҳужжат йўналишлари доирасида кўплаб муҳим тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизими қайта кўриб чиқилди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоялаш, аввало, жиноий тажовузлардан, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилинишининг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Анжуманда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда хорижий ҳамкорлик муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Соҳага оид маъруза ва чиқишларда кўплаб қизиқарли таклифлар билдирилди, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан боғлиқ кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Конференция натижасига кўра билдирилган таклиф ва тавсиялардан келгусида тизимни янада такомиллаштиришда фойдаланишга келишиб олинди.
Анжуман самимий ва дўстона руҳда, шунингдек, конструктив мулоқот ва ўзаро ҳамжиҳатликка асосланган, ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг