Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: янги имкониятлар, янги талаблар
Бугунги кунда мамлакатимизда мустақил, очиқ ва шаффоф суд тизимига эришиш борасида олиб бораётган ислоҳотлар янада такомиллаштирилмоқда. Судьяларнинг адолат ва қонуннинг ҳақиқий ҳимоячилари бўлишига эришиш зарур ва шартлиги қонун доирасида мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва у асосда Судьялар олий мактабининг ташкил этилиши, фақатгина шу ўқув юртини тамомлаган тингловчилар судьялик лавозимига эълон қилинган танловларда иштирок этиши мумкинлиги суд тизимидаги ислоҳотларда муҳим қадам бўлди.
Маълумки, 2021 йил 20 сентябрда «Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унга қадар Кенгаш судьялик лавозимларига номзодларнинг захирасини шакллантириш каби ваколатлардан бирига эга эди. Бу эса ўз-ўзидан судьяликка номзодларнинг захирасини шакллантириш учун қўшимча куч ва сарф-харажатларни талаб этар, Олий мактабга кириш имтиҳонларида иштирок этувчи номзодларнинг оз бўлсада ҳуқуқлари чекланишига олиб келар эди. Шунингдек, бугунги кунга келиб судьяликка захирага олиш институти ўз мазмун-моҳиятини йўқотди, шу сабабли судьяликка захирага олиш институтини тугатишни даврнинг ўзи тақозо қилаётганлиги сабабли ва 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Қонуннинг 7-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади, раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиради. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар ва тақдимномалар киритади, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьялари, туманлараро маъмурий судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини лавозимга тайинлайди.
Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра, судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан судларнинг раислари лавозимларига ўтказиш вазифасини ҳам бажаради.
Республика маъмурий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маъмурий судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига ўтказиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритади.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, туманлараро маъмурий судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтириш мумкин.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, судьяларни, суд раислари, ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьялари ва ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини ҳам лавозимидан озод қилади.
Шунингдек, Кенгаш жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади, судьяларнинг фаолиятини уларнинг касбига муносиблиги нуқтаи назаридан ўрганади, Судьялар одоби кодексини тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари фармонининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида, яъни Кенгаш раиси суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиши бегиланганлиги сабабли Кенгаш раисига Кенгашга юклатилган барча вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишида масъул эканлиги қонун билан мустаҳкамланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга асосан, давлат органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилиши, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш давлат органининг раҳбари ёхуд бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шу сабабли Қонуннинг 9-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Шунингдек, Кенгаш раисининг доимий асосда ишловчи ўринбосари жорий этилиб, унга судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилган. Кенгаш раиси ўринбосари зиммасига Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолияти, суд тизимида судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолияти устидан бевосита раҳбарлик қилиш юклатилган. Шу сабабли Кенгаш раиси ўринбосари вазифа ва мақоми қонун қабул қилиш йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бугунги куннинг энг асосий вазифаларидан бири. Шу сабабли, бу каби мезонлар, албатта, қонун билан мустаҳкамланган бўлиши судьянинг ўз устида тинмай ишлашига ва одил судлов самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Қонуннинг 12-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимча айнан ушбу масала билан боғлиқдир. Энди электрон рейтинг дастури орқали судьялар фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилиш Кенгаш аъзосининг ҳуқуқларидан биридир.
Кенгаш аъзосининг ҳуқуқлари мавжуд экан, унинг албатта қонун билан белгилаб қўйилган мажбуриятлари ҳам бўлади. Шу сабабли, Кенгашга суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, судья кадрларини танлаш ва тайинлаш фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш вазифалари юклатилган. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилиши муносабати билан, 2017 йил 4 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари ижросини таъминлаш мақсадида 13-модданинг биринчи қисмига тегишли ўзгартиш киритилди.
Бир сўз билан айтганда, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини, масъулиятини кучайтириш, ҳар томонлама етук, ҳалол, касбига садоқатли судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган бу янги ўзгаришлар инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга ҳамда ҳуқуқий давлат барпо қилиш ҳамда ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишдек олий мақсадга эришишига хизмат қилади.
М.Абдуваҳобова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Чирчиқ туманлараро суди раиси
Ш.Эрметова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Чирчиқ туманлараро суди судьяси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг