Спорт майдонида — нуронийлар
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд шаҳрида нуронийлар ўртасида «Соғлом ва завқли ҳаёт учун!» шиори остида соғломлаштириш мусобақаси ўтказилди.
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси, вилоят спортни ривожлантириш ҳамда маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада туман ва шаҳарлардан 200 нафарга яқин нуроний отахон ва онахонлар иштирок этди.
Соғломлаштириш мусобақаси югуриш, баскетбол тўпини саватчага тушириш, шахмат, шашка каби турлар бўйича ўтказилди. Ҳар бир иштирокчи, аввало, шифокорлар кўригидан ўтказилиб, белгиланган спорт турларига йўналтирилди.

— Ҳар куним эрталабки бадантарбия, юриш ва велосипед ҳайдаш билан бошланади, — дейди самарқандлик онахон Гулруҳ Юсупова. — Ёшимга мос тренажёр машқларини ҳам бажариб тураман. Энг муҳими, соғлом ва бақувват бўлишга интиламан. Спорт билан ошно бўлган кишининг иши дорихонага тушмайди. Кексалар ўртасидаги мусобақада илк бор қатнашяпман. Тенгдошлар билан беллашиш завқли экан. Энди бундай мусобақаларда мунтазам қатнашаман.
Мусобақа давомида 80 ёшдан ошган отахон ва онахонларнинг иштирокини кўриб, ўзгача завқ оласиз. Бундай улуғ ёшда югуриб, баскетбол ўйнаётган нуронийларимиз сизу бизга соғлом турмуш тарзининг нечоғлик аҳамиятли эканини яна бир бор эслатади. Мусобақадан кўзланган мақсад ҳам шу - серғайрат нуронийларни барчага ўрнак қилиб кўрсатган ҳолда спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир.

— Ёшим 82 да, аммо ўзимни 40-50 ёшлардагидек енгил ҳис қиламан, — дейди иштихонлик Қаҳрабон бобо Намозов. — Ўн йилдан ошди, газетада соғлом ҳаёт сирларини ўқиб, уларга амал қилишни бошладим. Унгача ҳолсиз, касалманд бўлиб юрардим. Ҳар куни қатъий белгиланган тартибда кунлик бадантарбия машқларини бажараман. Натижа кутганимдан ҳам аъло. Соғлом ва тетикман. Бугунги беллашувда югурдим. Баскетбол тўпини саватчага туширишга ҳаракат қилдим. Энг муҳими, тенгдошларим билан югуриб, ёшликни эсладик, суҳбатлашиб, ҳордиқ чиқардик. Бизнинг ёшимизда тик оёқда туриб, ҳаёт завқини туйиш — бу бахт.
Мусобақа якунида барча иштирокчилар, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, мусобақа доирасида юртимиз спортини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийларига «Ўзбекистон спорти фахрийси» кўкрак нишонлари топширилди.
— Соҳадаги меҳнатларимиз инобатга олиниб, эътибор кўрсатилганидан бошим осмонга етди, — дейди «Ўзбекистон спорти фахрийси» кўкрак нишони соҳиби Салом Ҳакимов. — Бугунги кунда ҳам Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Самарқанд филиалида фаолият юритиб, юртимиз спортини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилмоқдаман. Бу рағбат бизни янада масъулиятли бўлиб, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашга ундайди. Албатта, ишончни оқлаб, ёш мутахассисларга ўз билим ва маҳоратимизни чуқур ўргатиб, юртимиз байроғини баланд кўтарадиган спортчиларни тарбиялаб берадиган мутахассисларни тайёрлаймиз.
Дарвоқе, бу нуронийлар учун Хоразм ва Тошкент вилоятларига бепул саёҳат ташкил қилиш ҳам мақсад қилинган.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг