Спикер: Ўзбекистон тарихий ўзгаришлар силсиласида. Етакчилик — халққа хизмат қилмоқ демакдир

12:37 19 Апрель 2020 Сиёсат
1818 0

Ҳақиқий демократияни таъминлаш учун том маънодаги халқ ҳокимиятчилигини қарор топтиришга қодир, давлат институтларининг инсон манфаатлари учун чинакамига хизмат қилишини таъминлай оладиган самарали механизмни шакллантириш ҳозирга қадар муҳим вазифа бўлиб қолаётир.

Илмий адабиётларда сиёсий етакчи тушунчасига кўп таърифлар берилган. Уларнинг барчасида ҳам битта маъно ётади. Яъни сиёсий етакчилик халқни хоҳиш-иродасини, манфаатларини ифодалаш, уларни эҳтиёжларини қондириш йўлида берилган ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган ўзига хос фаолиятдир.

Сиёсий жараёнларда сиёсий етакчининг ўрни ва роли, энг аввало, унинг мамлакатдаги давлат ва жамият институтлари фаолиятини тўғри йўналтира олиши, пировард натижада жамиятни жипслаштира олиш салоҳиятига эгалиги билан ажралиб туради. Шу сабабли, кўплаб тадқиқотчилар муайян мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар моҳиятини англаб етишга уриниш асносида айнан сиёсий етакчиларнинг шахсий ва касбий фаолиятларини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратадилар.

Ушбу қиёслар айнан бизнинг мамлакатимизга ҳам ҳар томонлама тааллуқлидир. Зеро, сўнгги вақтларда Ўзбекистонни ўрганишга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Хорижий нашрларда замонавий “ўзбек конструкцивизми”, “Ўзбекистоннинг том маънода сиёсий ва иқтисодий илгарилаб кетиш” феномени тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилиб, янги Ўзбекистоннинг бундай илдамлари адолатли равишда мамлакатимиз сиёсий етакчиси — Президент Ш.М.Мирзиёев шахси билан бевосита боғланмоқда.

Кўплаб нуфузли экспертлар, энг аввало, Ўзбекистон раҳбари сиёсий етакчи сифатида жамиятни бирлаштириш борасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ижобий эътироф этмоқда. Бу эътирофлар Президентимизнинг жамиятда бирдамликка эришиш борасидаги маҳорати ва салоҳияти қанчалик юксак эканлигини яққол намоён қилмоқда. Сиёсий етакчи томонидан миллий давлатчиликнинг ривожланиш даражасини, тамойиллари, унинг ўзига хос жиҳатларини ҳар томонлама билмай ҳамда ҳисобга олмай туриб, бундай самарали бошқарув салоҳиятига эришиб бўлмайди. Шу билан бирга етакчидаги бошқаларда учрамайдиган ўзига хос ноёб иш услуби, вазиятни чуқур таҳлил қила билиш қобилияти ва унинг ўзгариши натижасида юзага келадиган ҳолатларни олдиндан кўра билиш маҳорати алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”. Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакат Президенти сифатидаги фаолияти ўз конституциявий ваколатларини самарали адо этиши орқали Ўзбекистоннинг давлат қурилиши соҳасидаги тарихини янги мазмун билан бойитди.

Мамлакатимиз раҳбарининг халқ ҳокимиятчилиги принципларига асосланган давлат бошқаруви тизимини ташкил этишда вакиллик органларига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ролининг муҳимлигига демократик тарзда ёндашаётганлиги натижасида Ўзбекистон парламентидаги барча сиёсий партиялар бир-бирларининг қарашларини тўлиқ англаган ҳолда жўшқин фаолият олиб бормоқдалар.

Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларининг ўзаро самарали ҳамкорлигига қаратилган Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари жамият тараққиётида муҳим ўрин тутаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Президенти депутатлар корпуси салоҳиятини тўғри англаган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар учун жавобгарликни Ҳукумат билан тенг равишда ўз зиммасига олишини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳеч иккиланмай, дадиллик билан таклиф этди.

2016 йилда, яъни Ш.М.Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилидаёқ эндигина сайланган давлат раҳбарини нима учун энг аввало, айнан соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолат ташвишга солаётганлигини, бу масаланинг қанчалик муҳимлиги ва келажакда унинг қандай улкан аҳамият касб этишини кўпчилик, ҳатто парламент аъзоларининг ўзи ҳам охиригача тушуниб етмаган эди. Очиғи, ўша кезларда “наҳотки ҳозир Ўзбекистон учун бундан ҳам муҳимроқ муаммолар бўлмаса?” дея бироз киноя билан ўзига ўзи савол берганлар ҳам бўлди.

Орадан уч йил ўтиб, бутун дунё, жумладан мамлакатимиз коронавирус пандемияси даҳшати билан юзма-юз келгандагина Ўзбекистон Президентини бундан қарийб 4 йил аввал – 2016 йилдаёқ безовта қилган ҳамда ташвишлантирган муаммонинг моҳияти ва аҳамиятини бутун халқимиз, барчамиз тўлиқ англаб етдик.

Агар ўша вақтда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг изчил равишда кенг кўламли ислоҳ қилишга эътибор қаратилмаганда, ҳозирги вазиятда юртимизда рўй бериши мумкин бўлган йўқотишларнинг кўлами қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур этиш жуда оғир. Айнан Ўзбекистон Президентининг моҳирона етакчилик фазилатлари мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали ва сифатли тиббий ёрдам олишни таъминлай оладиган соғлиқни сақлаш тизимидан баҳраманд бўлиш имкониятини берди.

Агар асримизнинг 20-йиллари бошида турли мамлакатларда давлат харажатларини мақбуллаштириш борасидаги сиёсатнинг мавжуд тамойилларини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон Президентининг миллий соғлиқни сақлаш тизимимизни ислоҳ этишга доир ташаббуслари қанчалик аҳамиятга эканлиги янада яққол намоён бўлади. Ўша вақтда айрим мамлакатларда ижтимоий эҳтиёжларга доир харажатларни қисқартириш, ижтимоий соҳанинг айрим секторларини ва биринчи навбатда, тиббиётни тижоратлаштириш тамойиллари авж олди. Кўплаб мамлакатларда тиббий фаолият олиб борадиган талай муассасалар ёпилди, уларнинг сони қисқартирилди, давлат тиббиёт муассасаларида ишлайдиган тиббиёт ходимларининг маошлари деярли “музлатиб” қўйилди.

Ана шундай мураккаб даврда Ўзбекистон Президенти узоқни кўра оладиган доно сиёсий етакчи сифатида умуман бошқача йўл тутди. Мамлакатимизда энг аввало бирламчи тиббий муассасалар изчил равишда мақбуллаштирилди, чекка ҳудудлардаги беморларнинг республикадаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари хизматидан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратилди. Давлат бюджетидан тиббиётга сарфланадиган харажатлар миқдори бир неча бор кўпайтирилди. Тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, уларни энг илғор тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари сезиларли равишда ошириш таъминланди.

Айниқса соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда обрўсини ошириш, шаънини ҳимоялаш борасидаги ишлар, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга бўлган эътибор, уларни ривожланган мамлакатларга юбориб малакасини ошириш ишларини ташкил этилганлиги бугун ўзининг натижасини кўрсатмоқда. Охирги вақтларда матбуотда баъзи мамлакатларда тиббиёт ходимларининг пандемия шароитида ўз хавфсизликларини ўйлаб ишдан бўшаб кетиш ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шукрким, бизда бундай ҳолатлар кузатилмади.

Бугунги мураккаб даврда Ш.М.Мирзиёев ўзининг давлат бошқаруви жараёнлари борасидаги чуқур амалий ва назарий билимларини, етакчилик маҳоратини, мавжуд ресурслардан самарали фойдалана олиш қобилиятини намоён этиб, ҳозирданоқ мамлакатимизни эрта-индин, коронавирус пандемиясини енгиб фаол ривожлантириш учун долзарб бўлган янги кун тартибини шакллантирмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳозирда илгари сурилаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада мустаҳкамлашга, иқтисодиётнинг агросаноат секторини барқарор ривожлантиришга, уни таркибий жиҳатдан диверсификация қилишга қаратилган ташаббуслар қанчалик муҳим эканлигини алоҳида қайд этишни истардим. Бошқача айтганда, мамлакатимиз Президенти бугуннинг ўзидаёқ қишлоқ хўжалигини инновацияларга бой, ресурсларни тежашга қаратилган тараққиёт йўлига олиб чиқиш, дунёда юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат инқирози таҳдидларига қарши туриш ва унинг энг даҳшатли шакли – миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўладиган очарчилик юзага келишининг олдини олишга қодир бўлган, ривожланган миллий ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш масалалари хусусида тиним билмай иш олиб бормоқда. Айниқса, аҳолининг ўзига берилган томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланишини таъминлаш масалалари мамлакатимиз Президентининг доимий диққат-эътиборида турибди.

Мамлакатимиз парламенти давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, ўтган сўнгги кунларда парламентимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган махсус дастур қабул қилинди. Депутатлар гуруҳи томонидан деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қуйи палата томонидан куни кеча қабул қилинди ва Сенатга юборилди

Ўйлайманки, томорқа ерлардан самарали фойдаланишни таъминлашга доир ташаббусларнинг туб моҳияти ва истиқболларини ҳар томонлама англаб етишимиз учун ҳаммамизга муайян вақт талаб этилади. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, деҳқон хўжаликларига ва томорқа ер участкаларидан фойдаланувчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик замирида қишлоқ жойларда яшовчи оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган олижаноб мақсад ўрин олган. Зеро, аҳолининг шахсий томорқа хўжаликлари ва деҳқон хўжаликларининг асосий хусусияти уларни шакллантиришнинг оилавий хусусиятга эга эканлиги билан белгиланади. Улар оилалар негизида ташкил этилади ва фаолият кўрсатади. Давлатимиз томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш орқали амалда оила институтини қўллаб-қувватлашнинг яна бир қўшимча шаклини жорий этмоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, қишлоқ жойлардаги аҳоли даромадларининг даражасига, оилавий уй хўжалигини мустаҳкамлашга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Мамлакатимиз парламенти юзага келган вазиятнинг доимий мониторинги ва таҳлилини амалга оширмоқда. Аҳоли билан олиб борилаётган доимий мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги мураккаб вазиятда жамиятимизда барқарор амалий ҳамжиҳатлик ва Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш йўлларини қўллаб-қувватлаш кайфияти ҳукм сурмоқда. Халқимиз ўзи ишонч билдирган давлат институтлари фаолияти замирида халқ манфаатларига хизмат қилишдек юксак мақсад ётганлигини англаган ҳолда, уларга тўлиқ ишонч билдирмоқда. Ишончим комилки, яқин истиқболдаги келажак мамлакатимиз танлаган йўл ва сиёсий етакчимизнинг ўз халқига садоқат билан хизмат қилишга қаратилган йўли тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз учун сабаб бўладиган яна кўплаб воқеликларни бизга инъом этади.

Нурдинжон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикери

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер