Спикер ўринбосари рекламага оид қонун лойиҳаси устида кетаётган баҳсларга ўз муносабатини билдирди

22:15 30 Май 2021 Иқтисодиёт
831 0

Хабарингиз бор, шу кунларда ижтимоий тармоқда рекламага оид қонун лойиҳаси устида баҳслар қўзғалди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ўз муносабатини билдирди.

"Мавзуга эътибор қаратилганидан хурсанд бўлдик, аммо ёндашув нопрофессионал, бир ёқлама экани мени таажжубга солди.

Хўш, вазиятга назар солайлик.

Биринчи қадам

«Реклама тўғрисида»ги Қонун лойиҳасининг ижодкори Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бўлиб, ташаббускор сифатидан Ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Иккинчи қадам

Белгиланган тартибда лойиҳа Қонунчилик палатаси муҳокамасига концептуал жиҳатдан қўйилди. Содда қилиб айтганда: «Бизга шу соҳани тартибга солувчи янги қонун керакми?» тарзида масала депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Томонлар ўз фикрини ҳимоя қилишди, кутилаётган натижалар таҳлилга тортилди.

Учинчи қадам

Кўпчиликнинг қўллови билан лойиҳа «Ҳа, соҳани янада ривожлантириш керак” деган қарорга келинди, яъни концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Бўлди. Мана шу босқичдан бошлаб биз қонун ижодкорлиги нуқтаи назаридан «Реклама тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини моддама-модда, сўзма-сўз чиғириқдан ўтказяпмиз. Чинакам меҳнат мана шу оралиқда бўлади.

Шу ўринда, «Реклама тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси тўғрисида шахсан ўз таклифларимни тайёрлаб қўйганман. Шулардан бирини очиқлайман. Лойиҳанинг 18-моддасига кўра, янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда, реклама роликлари ва блокларида, телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди деган чеклов берилган. Ушбу чеклов нормаси мутлақо нотўғри, чиқариб юборилиши лозим! Соҳа вакилларини фикрига кўра агар ушбу норма қабул қилинса нодавлат телеканалларга йилига энг камида 10 млрд сўм зарар келтиради. Камига солиқлардан шаклланадиган Республика бюджети қисман зарар кўради. Бу энди-энди ривожланаётган нодавлат теле ва радиоканалларни оёғига «болта уриш» деган гап!

Қонун лойиҳасининг 22, 32, 41, 42-моддалари юзасидан ҳам позициям бор.

Бу каби таклифларни лойиҳа муҳокамасининг иккинчи ўқишида ҳимоя қиламиз ва уддалаймиз, албатта. Ишимиз шу!

Хуллас, қонун ижодкорлиги процедурасини тушунмай туриб, Қонунчилик палатаси депутатларининг салоҳиятини шубҳа остига қўядиган фикр айтилса жуда қизиқ туюларкан.

Масаланинг яна бир тарафи ҳозирги очиқлик ва ошкоралик даврида ўз фикрини тўғри ва теран билдираётган нодавлат телеканаллар вакиллари ва журналистларни ҳам тўғри тушуниш керак.

Шу ўринда, шахсан мен Қонунчилик палатаси фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан доим мулоқотга тайёрлигимни билдираман.

P.S. «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳақида кейинги сафар батафсилроқ ёзаман" дея таъкидлайди депутат мавзу юзасидан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер