Сўзаналаримиз онлайн бозор орқали сотилмоқда
Каштачилар сулоласиданман. Момолардан мерос шу ҳунар ортидан бувим ва онам – Саодат ҳамда Муҳаббат Қўчқоровалар эл-юртда обрў-эътибор топишди. Уларга ҳавас қилиб, эргашиб ўзим ҳам кам бўлаётганим йўқ.
Бухорога келган сайёҳ борки, сўзаналар олдидан бефарқ ўтолмайди. Ҳайрат билан томоша қилади. Эсдалик учун сотиб олади. Шуни кузатиб бу бебаҳо санъатимизни дунёга янада кенгроқ танитиш мақсади туғилди. Онамнинг маслаҳатлари билан замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдалана бошладим. Etsy, Instagram ва eBay орқали онлайн савдога киришдим.
Қишлоғим Талижада тайёрланаётган каштачилик буюмларига Европанинг Испания, Италия, Буюк Британия каби давлатлари, ҳатто АҚШдан харидорлар чиқмоқда. Буюртмалар кўп. Уларни рисоладагидек адо этиш учун элликдан зиёд хотин-қизини атрофимизга тўплаганмиз. Ён-атрофдаги қишлоқларда яшовчи, уйда ўтириб қолган аёлларни ҳам каштачиликка жалб қиляпмиз. Натижада уларнинг ҳам қўли пул кўряпти. Рўзғорларига қут-барака кирмоқда.
Яқинда ҳаётимда унутилмас воқеа рўй берди. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида иштирок этиб, фаолиятим ҳақида сўзлаб бердим. Президентимиз «Келажакда катта – катта бозорларда «Азиза қизингизнинг маҳсулоти» деган номингиз чиқса, жуда миннатдор бўлардим ва шу кунларга етишга ишонаман», дея таъкидлади. Бу илиқ сўзлардан беҳад қувондим. Шу юксак эътирофга муносиб бўлиш учун куч-ғайратим, маҳоратимни аямайман.
Азиза ТОЖИЕВА,
Шофиркон тумани.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг