Сўнгги 10 йилда дунё бўйича 120 миллионга яқин аҳоли мажбуран кўчирилган

18:29 13 Июнь 2024 Дунё
535 0

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, сўнгги 10 йилда камида 117,3 миллион киши ёки бутун дунё бўйлаб ҳар 69 кишидан бири мажбуран кўчирилган. Шулардан 68,3 миллиони можаролар ёки бошқа инқироз туфайли ўз мамлакатлари ичида кўчиб юрган.

Халқаро чегараларни кесиб ўтган қочқинлар сони 2023 йилда етти фоизга ошиб, 43,4 миллион кишига етди. Ўсиш Судандаги қочқинлар, Украина ва бошқа минтақаларда давом этаётган можаролар билан боғлиқ.

1980 йилда БМТ томонидан қайд этилган қочқинлар сони биринчи марта 10 миллиондан ошди. 1980 йилларда Афғонистон ва Эфиопиядаги урушлар 1990 йилга келиб, қочқинлар сонини икки бараварга кўпайтирди. АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга ва 2003 йилда Ироққа бостириб кириши, Жанубий Судан ҳамда Суриядаги фуқаролар урушлари натижасида 2021 йил охирига келиб қочқинлар сони 30 миллиондан ошди.

2022 йилда бошланган Украина уруши Иккинчи жаҳон урушидан бери энг тез ўсиб бораётган қочқинлар инқирозига олиб келди. 5,7 миллион киши бир йилдан камроқ вақт ичида Украинани тарк этишга мажбур бўлган. 2023 йил охирига келиб эса 6 миллион украиналик мажбуран кўчирилди. Шунингдек, ўтган йилда Суданда мамлакат армияси ва бошқа кучлар ўртасидаги кураш 1,5 миллион кишини қочқинга айлантирди.

Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилиши Фаластин аҳолисига катта таъсир кўрсатган. 2023 йилнинг октябридан буён 1,7 миллион киши, яъни аҳолининг 75 фоизидан ортиғи Ғазо секторида кўчирилган.

Барча қочқинларнинг деярли тўртдан уч қисми (72 фоизи) бешта давлатга тўғри келади. Булар Афғонистон, Сурия, Венесуэла, Украина ва Фаластин мамлакатларидир. Эрон ва Покистондаги қочқинларнинг деярли барчаси афғонлар бўлса, Туркиядаги қочқинларнинг аксарияти сурияликлар. Германия қочқинлари кўп бўлмаган давлатлар билан чегарадош бўлсада, қочоқлар кўп яшайдиган ягона мезбон давлат. Уларнинг аксарияти украиналиклар (1,1 миллион), сурияликлар (705,8 минг), афғонистонликлар (255,100 минг) ва ироқликлар (146,5 минг) ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер