Сўнгги 1 ой ичида 3 минг килограммдан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолдан чиқарилди

19:15 13 Март 2023 Иқтисодиёт
1201 0

Фото: Архив сурат

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Элёр Аҳмадалиев маълум қилди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг 2023 йил 16 февралдаги 7-сонли баёнига асосан жорий йилнинг 1 март кунидан 1 апрель кунига қадар Республикамизда «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги» ўтказилмоқда.

Ушбу ойликдан кўзланган мақсад баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, хусусан сел, тошқин ва кўчки ҳодисалари, овқатдан заҳарланиш ва Қрим-Конго касаллиги билан боғлиқ мавсумий фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишдир.

Шунингдек, ойлик давомида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида «Фуқаро муҳофазаси» кунлари ташкил этилади.

Ушбу ойлик республиканинг барча ҳудудларида кенг қамровда ўтказилиб, унда қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Республика бўйича 800 дан зиёд иқтисодий ва 10 мингдан ортиқ ижтимоий объектлар, шунингдек сел, тошқин ва кўчкига хавфли 35 та объектлар ўрганиб чиқилди.

— 40 дан ортиқ камчиликлар бартараф этилди.

— 49 та дарё ва каналлар ўзанлари тозаланди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, «Ўзгидромет» хизмати агентлиги, Хавфли жараёнларни кузатиш давлат хизмати томонидан сел, тошқин ва кўчкига хавфли ҳудудлардаги 579 та хўжаликлар ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфли ҳудудларда махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиб, уларда ўзан тозалаш ва қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари бажарилди.

29 та сув омборлари ва 40 та ГEСларнинг техник мустаҳкамлик ҳолати ўрганиб чиқилди.

Ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари билан биргаликда инсонларнинг сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишининг олдини олиш бўйича жами 4 700 дан зиёд бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектларда ўрганишлар олиб борилди.

Олиб борилган тадбирларда 3 000 килограммдан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолдан чиқарилди.

Қрим-Конго касаллигининг олдини олишга қаратилган тадбирларда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, ветеринария хизмати билан биргаликда 5 520 та объектлар ўрганилиб, 473 014 метр кв. майдон кимёвий ишлов бериш орқали зарарсизлантирилди.

Юқоридагилардан ташқари, 1 726 та таълим муассасалари, шифохоналар, ишлаб чиқариш ва бошқа ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт объектларида «Фуқаро муҳофазаси куни» тадбирлари ўтказилди.

Таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган «Ёш қутқарувчи» кўнгиллилар клублари билан 595 та мусобақалар ўтказилиб, иштирокчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва бундай вазиятларда қутқарув ишларини олиб бориш бўйича билим ва кўникмалари шакллантирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер