Сон эмас, сифат учун ишлашимиз керак
Фото - Ҳасан ПАЙДОЕВ
Инсон қачон ҳаётда бахтли яшайди? Қачонки, юрти ва оиласи тинч, усти бут, қорни тўқ, эртасидан кўнгли хотиржам бўлиб, саломат юрса. Энг муҳимлари мана шулар. Шукурки, бугун юртимиз тинчлик ҳукмрон. Ушбу улуғ неъмат бор жойда, албатта, ривожланиш, ўсиш бўлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда шундай ўзгаришлар бўлдики, бундан ақлинг шошади. Асосийси, одамларни рози қилишга қаратилган мутлақо янги тизим ишлаб чиқилгани халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ошди. Бугун фуқароларимиз давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халқимизга хизмат қиляпти. Давлат органлари масъуллари одамларнинг олдига бориб, “Сиз қандай яшаяпсиз?”, “Сизни нима қийнаяпти?”, “Қандай ёрдам берайлик?” деган саволларни бериши ва одамлар билан эркин, самимий ва очиқ мулоқотга киришаётганинг ўзи катта ўзгариш. Шундай эмас-ми?!
Охирги йилларда йўлга қўйилган яна бир тизим борки, бу бевосита прокуратура органларининг уйма-уй юриб, фуқаролар фикрлари билан қизиқиш, уларнинг дардини тинглаб, жойида ҳал этиш билан бевосита боғлиқ. Буни амалга оширишнинг энг самарали усули, яъни секторлар фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳар бир туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар 4 та секторга бўлиб берилди ва ҳар бири ўзига бириктирилган ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш билан бирга, одамлар турмуш тарзини яхшилаш чораларини кўряпти.
Айни пайтда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга 2-сектор томонидан ҳам зарур ёрдамлар кўрсатилаётир. Бу, албатта, маҳаллабай ишлаш тизими орқали амалга оширилаётган бизнинг яна бир ютуғимиз. Нега? Сабаби бу тизим ишласа, ҳеч ким эътибордан четда қолиб кетмайди. Сонга эмас, сифат учун ишланади.
Жумладан, секторга 22 та маҳалла бириктирилган бўлиб, биз улардаги 11651 та хонадон, 17975 минг оиладаги 63 минг 252 нафар фуқаронинг яхши яшашлари, муаммоларини ҳал қилишга масъулмиз.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида уйма-уй юриб оилалардаги аҳвол ўрганилди, фуқаролар, ёшлар, хотин-қизлар билан суҳбатлашилди. Натижада 2-сектор ҳудудида 1111 та эҳтиёжманд оила аниқланиб, улардаги 4552 нафар фуқаро “темир дафтарга” киритилиши таъминланди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли туман прокуратураси томонидан 2020 йил якунига қадар “темир дафтар”га киритилган 1111 та оиланинг 1105 таси рўйхатдан чиқарилиши таъминланди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида қолган 6 та оиланинг 18 нафар аъзоси бандлигини таъминлаш орқали даромадини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, “темир дафтар”да киритилган “Уйғур” МФЙда яшовчи фуқаро Нигорахон Ёдгоровани яшаш ханодони ҳомийлар томонидан қайтадан тўлиқ қуриб берилиши таъминланди. Ёки “Ғурумсарой” МФЙда яшовчи Ю.Мамаюсупова ва “Иттифоқ” МФЙда яшовчи С. Юлдашеваларга тикувчилик билан шуғулланиши учун субсидия асосида тикувчилик дастгоҳи олиб берилиб, бандлиги таъминланди.
Шунингдек, жорий йил бошида 2-секторда 597 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож аёл борлиги аниқланиб, “аёллар дафтари”га киритилди. Дафтарга олинган аёлларнинг турли хил муаммолари ҳал этилди.
Ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларнинг 43 нафарининг бандлиги таъминланди, 23 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 296 нафар аёлга бир марталик пул маблағлари тарқатилди, 350 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган 98 нафар аёл соғломлаштирилди, 80 нафарига ҳуқуқий, 30 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан ёшларни бандлигини таъминлаш ва уларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 7 ой давомида “ёшлар дафтари” бўйича 7 та тоифадаги ёшларнинг 1308 нафари ёки барчасининг муаммолари ўрганилиб, ҳал этилиши таъминланди. Жумладан, 130 нафар ёшни ишга жойлаштирдик, 181 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратдик, 12 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 35 нафари “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилди.
Мисол учун, “Гурумсарой” МФЙда яшовчи Н.Обидова, И.Мирсаидова, И.Ибрагимова, Ю.Қодирова ва бошқаларга 0,20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Поп тумани прокурори секторида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини
қўллаб-қувватлаш орқали болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш кўрсаткичини ошириш юзасидан ҳам бир қатор ишларни амалга оширдик.
Сектор ҳудудида оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш орқали қамровни кенгайтиришга жиддий эътибор қаратдик. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 28 та оилавий мактабгача таълим муассасаси очилди. Туман прокуратураси томонидан оилавий мактабгача таълим муассасаси очган тадбиркорларнинг 24 тасига кредит, 7 тасига бино ажратишда ва ҳар бирини тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашилди.

Қолаверса, секторимиз ҳудудида иккита давлат мактабгача таълим ташкилоти ва ўттизга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши натижасида 4,278 нафар бола мактабгача таълим ташкилотига жалб қилиниб, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамрови кўрсаткичи 45,5 фоиздан
93 фоизга етказилди.
Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз шуки, бу — тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашдан иборат.
Шу маънода, туман прокуратураси томонидан давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шу йилнинг 1 январь ҳолатига 2-сектор ҳудудида жами 1087 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, уларнинг 430 таси якка тартибдаги тадбиркор, 657 таси юридик шахсларни ташкил этади.
Туман прокуратураси томонидан янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш натижасида 62 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 6,8 фоиз ортиб, давлат бюджетига ҳар ойда 4.074.000 сўм даромад солиғи тушиши йўлга қўйилди.

Мисол учун, “Миришкор” МФЙда яшовчи фуқаро Д. Тожибоевга “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 60 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди. Тадбиркор томонидан имтиёзли кредит маблағларига дастгоҳлар олиб келиниб, “акфа” эшик-ромлар тайёрлаш йўлга қўйилди, натижада 8 та янги иш ўрни яратилди.
Президентимиз ҳар қандай соҳада сон учун эмас, сифат учун ишлашимиз кераклигини жуда кўп таъкидлайди. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам сон учун эмас, аксинча, сифат учун ишлашга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бу эса, ҳақиқий маънода, одамларни рози қилишнинг энг муҳим мезонидир.
Хусниддан ҲАКИМОВ,
Поп тумани прокурори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг